“Сирли мижоз” тадбири якунлари муҳокама қилинди
Фарғона вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, очиқлиги ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги 667-сонли қарори талаблари асосида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида Марғилон шаҳар туманлараро перинатал маркази ҳамда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида “Сирли мижоз” тадбири ўтказилганди.
Бугун Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасида “Сирли мижоз” тадбири якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шифокорлар ва масъул ходимлар иштирокида ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда мутахассислар томонидан тиббий хизматларни кўрсатишда қонунчилик талабларига сўзсиз амал қилиш, барча тўловларни фақат расмий тартибда амалга ошириш, беморлар билан мулоқот маданиятини юксалтириш, касбий этика ва деонтология қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, тиббиёт ходимлари ўртасида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш, коррупциявий хавфларнинг олдини олиш, ҳар бир мурожаатчига амалдаги тартиблар бўйича аниқ ва тўлиқ маълумот бериш, хизмат кўрсатиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда ходимларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 667-сонли қарорида белгиланганидек, “Сирли мижоз” тадбирлари тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатиш сифати ва шаффофлигини ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда эҳтимолий қонунбузилишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу каби муҳокамалар эса тиббиёт муассасаларида масъулиятни кучайтириш, аҳолига сифатли ва ишончли тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.



Post Comment