Фарғона давлат техника университетида очиқ мулоқот тадбири бўлиб ўтди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси жорий йил асосий фаолият йўналишлари режасининг 6.2-бандига кўра туман ва шаҳар жамиятлари учун малакали кадрлар захирасини шакллантириш, мавжуд бўш иш ўринларини муносиб мутахассислар билан тўлдириш мақсадида олий таълим муассасаларида битирувчи талабалар иштиркоида очиқ мулоқот тарзидаги тадбирларни ташкиллаш ва ўтказиш белгиланганди. Бугун Фарғона давлат техника университети Ишлаб чиқаришда бошқарув факултетида ўтказилган тадбир жумласидандир.
Тадбирда ҳудудий бирлашма раиси Аҳроржон Рахмоналиев, масъул ходимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда битирувчи талабалар иштирок этди. Учрашув давомида ёшларга Федерация тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар, туман ва шаҳар жамиятлари фаолияти ҳамда тизимда фаолият юритаётган мутахассислар зиммасига юклатилган масъулият ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, битирувчиларга ҳудудий бирлашма ва унинг таркибидаги туман ҳамда шаҳар жамиятларида мавжуд вакант иш ўринлари, ишга қабул қилиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар, меҳнат шароитлари ҳамда ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан тушунчалар берилди. Талабаларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан самарали ишлаш, ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантиришда билимли, ташаббускор ҳамда замонавий фикрлайдиган ёш кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шу боис олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқтидорли битирувчиларни тизимга жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир доирасида иштирокчилар ҳудудий бирлашма фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар, истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти ҳамда тизимнинг истиқболдаги ривожланиш йўналишлари билан яқиндан таништирилди.
Мазкур тадбир ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларни доимий иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳамда Федерация тизими учун истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.



Post Comment