30-июн – Ёшлар куни муборак бўлсин!
Ҳурматли ёшлар!
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси жамоаси Сизларни 30-июн – Ёшлар куни билан самимий муборакбод этади!
Юртимизда Ёшлар кунининг кенг нишонланиши давлатимиз томонидан ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, замонавий ташаббусларини рўёбга чиқариши ҳамда жамият ва давлат бошқарувидаги фаоллигини оширишга қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир.
Бугунги кунда ёшлар мамлакатимиз тараққиётининг энг катта таянчи, янги ғоя ва ташаббусларнинг муаллифи, Ватан равнақи йўлида фидойилик билан хизмат қилаётган куч сифатида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Уларнинг интилиши, шижоати ва масъулияти Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, истеъмолчилик маданиятини юксалтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини янада кенг қулоч ёйиш жараёнида ёшларнинг ўрни беқиёсдир. Ҳуқуқий билимга эга, ташаббускор ва фаол ёшлар аҳолининг истеъмолчилик маданиятини ошириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳага оид қонунчилик мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шунингдек, ёшларнинг соҳага оид қонунчилик ижроси устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, истеъмолчилар мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш борасидаги фаоллиги жамиятимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Сизларнинг ташаббусларингиз, замонавий билим ва инновацион ёндашувларингиз истеъмолчилар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Азиз ёшлар!
Сизларга мустаҳкам соғлик, чексиз ғайрат-шижоат, юксак марралар, илм-фан ва меҳнат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз. Келгусида ҳам Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш ҳамда жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида янада фаол ва фидойи бўлишингизга ишонамиз.
Ёшлар куни муборак бўлсин! Байрамингиз қутлуғ ва баракали бўлсин!



Post Comment