Ёшлар — ҳуқуқий билимли истеъмолчи бўлиши муҳим
Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан “30-июн – Ёшлар куни” муносабати билан тумандаги спорт мактаби ёш ходимлари иштирокида “Истеъмолчи ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг истеъмолчилик маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган истеъмолчилик муносабатларида ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур билимларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Давра суҳбатида мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти, истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари, сифатли маҳсулот ва хизматлардан фойдаланиш, кафолат муддати, маҳсулотни алмаштириш ёки қайтариш тартиблари, шунингдек, низоларни қонуний йўл билан ҳал этиш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқот давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилиб, ҳаётий мисоллар асосида ҳуқуқий тушунтиришлар олиб борилди. Шунингдек, ёшлар орасида рақамли савдо, интернет орқали харид қилишда эҳтиёт чораларига амал қилиш ҳамда ҳуқуқлари бузилган ҳолларда тегишли ташкилотларга мурожаат этиш тартиби юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир якунида бундай учрашувлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни фаол ва билимли истеъмолчи сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.



Post Comment