Федерациянинг 1091 ишонч телефони орқали икки муаммога ечим: истеъмолчилар манфаати устувор
Истеъмолчиларнинг коммунал хизматлардан тўлиқ ва сифатли фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Шу боис, аҳолидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни тезкор ўрганиш ва қонуний ҳал этиш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали қабул қилинган икки мурожаат қисқа муддат ичида ижобий ҳал қилиниб, фуқароларнинг қонуний манфаатлари таъминланди.
Жумладан, Фарғона туманида яшовчи фуқаро Д. М. уч ойдан буён хонадонига суюлтирилган газ балони етказиб берилмаётганидан норози бўлиб, 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилди.
Мурожаат Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан назоратга олиниб, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг туман бўлимига расмий сўров юборилди.
Ўрганиш жараёнида мутахассислар мурожаатчининг хонадонига чиққан ҳолда вазиятни ўрганишди. Натижада фуқаро шартнома асосида суюлтирилган газдан фойдаланиши тасдиқланиб, мурожаат асосида хонадонга газ балони етказиб берилди. Кейинчалик фуқаро муаммоси ҳал этилгани учун миннатдорлик хати ҳам йўллади.
Яна бир мурожаат Фарғона туманида яшовчи фуқаро Х. Х. томонидан келиб тушди. У электрон газ ҳисоблаш ускунаси (ЭГҲУ)даги батарея ишдан чиққанлиги сабабли табиий газдан тўлиқ фойдалана олмаётганини маълум қилди.
Жамият мутахассислари мурожаатни ўрганиб, газ таъминоти ташкилоти билан ҳамкорликда хонадонда техник кўрик ўтказишди. Текширув натижасида ҳисоблагичнинг батареяси янгисига алмаштирилди, қурилма қайта созланиб, алоқага чиқарилди. Шу тариқа истеъмолчининг муаммоси қисқа муддатда бартараф этилди.
Унутманг, коммунал хизматлардан фойдаланиш жараёнида истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– сифатли ва узлуксиз хизмат олиш;
– хизматдаги узилишлар ёки носозликлар бўйича мурожаат қилиш;
– мурожаатининг белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини талаб қилиш;
– ҳуқуқлари бузилганда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат этиш.
Мутахассислар таъкидлашича, хизмат кўрсатувчи ташкилот билан боғлиқ муаммо юзага келганда уни кечиктирмасдан расмий тартибда маълум қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу муаммони судгача бўлган босқичда тезкор ҳал қилиш имконини беради.
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан амалга оширилган мазкур ишлар истеъмолчилар мурожаатлари эътибордан четда қолмаслиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги орқали аҳолининг қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётганини яна бир бор намоён этди.
Ҳурматли истеъмолчилар, агар Сиз ҳам истеъмол соҳасига оид муаммоларга дуч келсангиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига оғзаки ёки https://murojaat.istemol.uz орқали электрон шаклда мурожаат йўллаш имконияти мавжудлигини эслатиб ўтамиз.



Post Comment