Носоз сув иситгич янгисига алмаштириб берилди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида кафолат муддати давомида юзага келадиган низоларни қонунчилик асосида ҳал этиш муҳим йўналишлардан биридир. Чунки харид қилинган маҳсулот кафолат муддати ичида носоз ҳолатга келса, истеъмолчи унинг бепул таъмирланишини, алмаштирилишини ёки бошқа қонуний ечимни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ана шундай мурожаатлардан бири Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро У. Ж. томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа ишонч телефони орқали йўлланди. Мурожаатчи 2023-йил 22-октябр куни Қўқон шаҳридаги “O‘rda-Plast” сантехника дўконидан 3 йиллик кафолат билан сув иситгич харид қилганини, бироқ кафолат муддати тугамасдан маҳсулот носоз ҳолатга келганини маълум қилиб, амалий ёрдам сўради.
Мурожаат Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан зудлик билан назоратга олиниб, ҳолат атрофлича ўрганилди. Дастлаб харид ҳужжатлари ва кафолат талони текширилди. Ўрганишлар давомида сув иситгич ҳақиқатан ҳам 3 йиллик кафолат билан сотилгани тасдиқланди.
Шундан сўнг маҳсулотнинг сервис хизматини амалга оширувчи “Techno Service Special” МЧЖга расмий сўров юборилиб, истеъмолчи мурожаатида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан тушунтириш бериш ҳамда қонунчилик асосида зарур чораларни кўриш сўралди. Мурожаатни ўз вақтида кўриб чиқиш ва расмий жавоб тақдим этиш зарурлиги ташкилотга эслатилди.
Сервис ташкилоти томонидан мурожаат юзасидан истеъмолчи билан бевосита боғланилиб, муаммо ўрганилди. Мутахассислар фуқаронинг яшаш манзилига бориб, маҳсулотдаги носозликни кўздан кечиришди ҳамда муаммони қисқа муддатда бартараф этиш бўйича кафолат беришди.
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан олиб борилган ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий чоралар натижасида сервис корхонаси истеъмолчи фойдасига қарор қабул қилди. Натижада носоз сув иситгич янгисига алмаштириб берилди ва мурожаатчининг эътирозлари тўлиқ бартараф этилди. Шу тариқа мурожаат ижобий ҳал этилди.
Мазкур ҳолат ҳар бир истеъмолчи учун муҳим ҳуқуқий сабоқдир. Агар маҳсулот:
– кафолат муддати давомида носоз ҳолатга келса;
– ишлаб чиқариш нуқсони аниқланса;
– фойдаланиш қоидаларига риоя қилинган бўлса-да, маҳсулот ишламай қолса,
истеъмолчи сотувчи ёки ваколатли сервис марказидан нуқсонни бепул бартараф этишни, маҳсулотни янгисига алмаштиришни ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқий чораларни талаб қилишга ҳақлидир.
Шу боис харид вақтида берилган касса чеки, кафолат талони ва бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйиш ниҳоятда муҳимдир. Айнан шу ҳужжатлар истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишда асосий далил бўлиб хизмат қилади.
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ушбу мурожаатнинг қонунчилик асосида қисқа муддатда ҳал этилгани яна бир бор шуни кўрсатадики, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини яхши билса ва муаммога дуч келганда ваколатли ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилса, уларнинг қонуний манфаатларини тиклаш мумкин. Федерациянинг 1091 ишонч телефони эса фуқаролар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ва адолатли ечим топишда самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда.



Post Comment