Ўқув курси учун тўланган пулнинг 318 минг сўмдан ортиғи истеъмолчига қайтарилди

Ўқув курси учун тўланган пулнинг 318 минг сўмдан ортиғи истеъмолчига қайтарилди

Ҳар қандай таълим хизмати, аввало, ўқувчи билан таълим муассасаси ўртасидаги келишув, ўзаро ишонч ва шартнома шартларининг аниқ белгиланишига асосланиши лозим. Аммо айрим ҳолатларда истеъмолчи хизматдан фойдаланишни давом эттирмасликка қарор қилиши, тўланган маблағни қайтариш ёки ҳисоб-китобни қайта кўриб чиқиш масаласида турли саволларга дуч келиши мумкин.

Шундай ҳолатлардан бири Учкўприк туманида яшовчи фуқаронинг мурожаатида ўз аксини топди.

Фуқаро араб тилини ўрганиш мақсадида “Progress school” ўқув марказининг курсларига ёзилиб, бир ойлик таълим хизмати учун 350 минг сўм тўловни амалга оширган. Бироқ маълум вақт ўтгач, у курс машғулотларини давом эттирмасликка қарор қилиб, тўланган маблағ бўйича ҳисоб-китоб қилиниши ва қолган қисми қайтарилиши масаласида амалий ёрдам сўраб Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.

Мурожаатни туман жамияти томонидан ҳар томонлама ўрганиш мақсадида “Progress school” ўқув марказига расмий сўров юборилиб, фуқаро билан тузилган шартнома, тўлов ҳужжатлари ва хизматдан амалда фойдаланилган муддат бўйича тегишли маълумотларни тақдим этиш сўралди.

Ўқув марказининг тақдим этган расмий билдиришномасига кўра, фуқаро курс пакети ва унинг шартлари билан таништирилган, шартнома шартларига розилик билдирган. Шу билан бирга, фуқаро курснинг 2 кунлик қисмида қатнашгани маълум қилинди.

Масала ўрганилиб, амалда фойдаланилган икки кунлик дарс учун 31 240 сўм ҳисобдан ушлаб қолинди. Қолган 318 760 сўм маблағ эса истеъмолчининг шахсий банк картасига қайтариб ўтказилди. Бу ҳолат ўқув марказининг расмий жавоб хатида ҳам қайд этилган бщлиб, банк тўлов маълумотлари ҳам 318 760 сўм маблағ фуқарога ўтказилганини тасдиқлайди.

Фуқаро мурожаат ўрганилиши натижасида икки кунлик дарс учун белгиланган маблағ ҳисобдан чиқарилиб, қолган 318 760 сўм пул маблағи қайтарилган. У масала ҳал этилганидан мамнунлигини билдирган.

Ушбу ҳолатда эътиборли жиҳат шундаки, масала низони янада чуқурлаштириш орқали эмас, балки ҳужжатларни ўрганиш, хизматдан амалда қанча фойдаланилганини аниқлаш ва холис ҳисоб-китоб қилиш орқали ҳал этилди.

Яъни, истеъмолчи тўлаган маблағнинг барчаси автоматик тарзда қайтарилмаган, шунингдек унинг талаби ҳам шунчаки рад этилмаган. Амалда олинган хизмат учун ҳақ ҳисобланиб, фойдаланилмаган қисми бўйича 318 760 сўм маблағ истеъмолчига қайтарилди.

Бу эса истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчилар ўртасида юзага келадиган турли масалаларда ҳужжатлар, шартнома шартлари, амалда кўрсатилган хизмат ҳажми ва ҳаққоний ҳисоб-китоб муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Баъзан истеъмолчилар хизмат учун пул тўлаб бўлгандан кейин: «Энди маблағимни қайтариб олишнинг иложи йўқ», деган хулосага келиб қолишлари мумкин. Аслида эса ҳар бир ҳолатнинг ўзига хос жиҳатлари бор ва уни қонунчилик ҳамда тузилган келишувлар асосида ўрганиш талаб этилади.

Энг муҳими, шартнома, тўлов чеки ёки банк орқали амалга оширилган тўлов ҳужжатлари каби далилларни сақлаб қўйиш зарур. Чунки улар истеъмолчининг мурожаатини асосли ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳуқуқингизни билинг, ҳужжатларингизни сақланг ва муаммога дуч келганда уни қонуний йўл билан ҳал қилиш имкониятларидан фойдаланинг!

Post Comment