Кондиционердаги носозлик мурожаатдан сўнг бартараф этилди
Ёзнинг жазирама кунларида кондиционернинг носоз ҳолатга келиши оддий маиший ноқулайлик эмас. Айниқса, уйда салқинликка эҳтиёж юқори бўлган, оила аъзоларидан бири саломатлиги билан боғлиқ муаммога дуч келган шароитда бундай техниканинг ўз вақтида таъмирланмаслиги истеъмолчи учун жиддий муаммога айланиши мумкин.
Қува туманида яшовчи фуқаро У. Б. ҳам айнан шундай ҳолатга дуч келди. У Қува туманида жойлашган савдо дўконидан 2026 йил 25 июл куни 5 миллион 500 минг сўмга AVALON русумли кондиционер харид қилди. Кондиционер истеъмолчининг хонадонга ўрнатиб берилди. Бироқ орадан етти кун ўтиб, техника носоз ҳолатга келиб, совутмай қўйди.
Фуқаро дастлаб сотувчига оғзаки мурожаат қилди. Шундан сўнг тадбиркор томонидан кондиционерни ўрнатган уста истеъмолчининг хонадонга юборилди. Ўрганиш жараёнида кондиционердаги носозлик ҳақиқатан ҳам мавжуд экани аниқланди. Хусусан, фреонни ушлаб турувчи болт ёрилиб, фреон чиқиб кетгани маълум бўлди. Бу эса кондиционернинг совутмаслигига сабаб бўлган.
Бироқ масала шу билан якунланмади. Истеъмолчи носозликни бартараф этишни сўраганда, унга AVALON сервис марказига мурожаат қилиш тавсия этилди. Фуқаро 10 август куни сервис марказига ҳам мурожаат қилди. Аммо орадан бир ҳафта ўтсада, носозлик бартараф этилмади. Истеъмолчига сервис марказида мурожаатлар кўплиги, навбати келганда келиб кўриб беришлари маълум қилинган.
Бундай вазиятда фуқаро ўзининг қонуний манфаатлари бузилаётганини ҳис қилиб, ҳуқуқларини тиклаш ва амалий ёрдам олиш мақсадида Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилди.
Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси томонидан ҳолатга ойдинлик киритиш, муаммонинг сабабларини аниқлаш ва уни қонуний асосда ҳал қилиш чоралари кўрилди. Ўрганиш жараёнида якка тартибдаги тадбиркорга амалдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар талаблари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Кўрилган чоралар самарасиз бўлмади. Мурожаатни ўрганиш давомида тадбиркор томонидан кондиционерни ўрнатган уста яна истеъмолчининг хонадонга юборилди ва аниқланган носозлик тўлиқ бартараф этилди. Кондиционер соз ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда истеъмолчига расмий жавоб хати ҳам юборилиб, мурожаат ўрганиш жараёнида ўз тасдиғини топгани ва хонадондаги AVALON русумли кондиционер тўлиқ соз ҳолатга келтирилгани маълум қилинди.
Бу ҳолат яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади: товарни сотиб олгандан кейин унда нуқсон ёки носозлик аниқланса, истеъмолчи муаммо билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак. Кўпчилик бундай пайтда: «Энди сервис маркази қачон чақирса, ўшанда кутишдан бошқа илож йўқ», деган фикрга бориши мумкин. Аммо ҳуқуқий масалада ҳар бир вазиятнинг ўз ечими бор. Энг муҳими — муаммони ўз вақтида билдириш, сотувчи ёки хизмат кўрсатувчига мурожаат қилиш ва зарурат туғилганда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органларидан амалий ёрдам сўрашдир.
Мазкур ҳолатда ҳам истеъмолчи бир неча марта муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилди. Натижа бўлмагач, тегишли жамоат ташкилотига мурожаат қилди. Мурожаат ўрганилиб, муаммонинг ҳақиқий сабаби аниқланди ва амалий чора кўрилиши орқали кондиционердаги носозлик бартараф этилди.
Маиший техника харид қилганда қуйидаги ҳужжатларни сақлаб қўйиш жуда муҳим:
— харид чеки ёки тўловни тасдиқловчи ҳужжатни;
— кафолат талонини;
— товарга оид техник ҳужжатларни;
— сервис хизматига қилинган мурожаатлар ҳақидаги маълумотларни.
Бу ҳужжатлар кейинчалик низоли ҳолат юзага келганда товар қачон, қаердан ва қандай шартларда харид қилинганини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Ҳуқуқингизни билинг, муаммони яширманг ва уни ҳал қилишнинг қонуний йўлларидан фойдаланинг. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг қонуний манфаати туради.



Post Comment