Дори керак бўлмай қолса, дорихонага қайтариш мумкинми?
Кундалик ҳаётда шундай ҳолатлар учрайди: фуқаро ўзини ёки яқинини даволаш учун дорихонадан дори сотиб олади. Аммо орадан кўп ўтмай, шифокор тавсияси ўзгаради, бошқа дори зарур бўлиб қолади ёки харид қилинган дорига эҳтиёж қолмайди.
Шунда табиий савол туғилади: «Ишлатилмаган, қадоғи очилмаган дорини дорихонага қайтариб, пулимни олишим ёки бошқа дорига алмаштиришим мумкинми?». Бу саволга жавоб ҳар доим ҳам истеъмолчи кутганидек эмас. Чунки дори воситаларига нисбатан алоҳида тартиб қўлланилади.
Яқинда Учкўприк туманида яшовчи фуқаро У.К. дори воситасини қайтариш масаласида мурожаат қилди. Мурожаатни ўрганиш ҳужжатларида қайд этилишича, у тумандаги «N. F.» хусусий дорихонасидан 140 000 сўмга «Magne B6» дори воситасини харид қилган. Кейинчалик мазкур дорига эҳтиёж қолмагани сабабли фуқаро уни дорихонага қайтариб бермоқчи бўлган. Бироқ дорихона ходими дори воситасини қайтариб олишни рад этган.
Мурожаатни ўрганиш давомида муҳим ҳуқуқий жиҳатга эътибор қаратилди: дори воситаси зарур сифатда бўлса, яъни унинг сифати, яроқлилик муддати ва бошқа қонуний талаблари жойида бўлса, фақат «менга керак бўлмай қолди» деган сабабнинг ўзи уни қайтариш ёки бошқа дорига алмаштириш учун асос бўлавермайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган чакана савдо қоидаларининг зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига дори воситалари ҳам киритилган.
Бу тартибнинг асосида муҳим сабаб бор. Дори воситаси дорихонадан чиққандан кейин унинг қандай шароитда сақланганини, ҳарорат режими бузилган-бузилмаганини ёки бошқа санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинганини ҳар доим ҳам ишончли аниқлаш имкони бўлмайди. Шу боис сифатли дори воситасини қайта савдога чиқаришга йўл қўймаслик аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳимдир.
Шунинг учун:
– дори ёқмай қолса;
– унга эҳтиёж қолмаса;
– шифокор кейинчалик бошқа дори тавсия қилса;
– фуқаро фикридан қайтса;
– ва дори воситасининг ўзи зарур сифатда бўлса, уни одатда дорихонага қайтариб бериш ёки бошқа дорига алмаштириш талаб қилиниши мумкин эмас.
Аммо бу «дори бўйича умуман ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ» дегани эмас, албатта. Бу ерда бир муҳим фарқни тушуниш керак: қайтарилмайдиган товарлар рўйхати фақат зарур сифатдаги товарларга тааллуқли.
Агар дори воситасида қонунчилик талабларига зид ҳолатлар бўлса, вазият бошқача баҳоланади. Масалан, қонунга кўра дори воситаларида ишлаб чиқарилган сана, яроқлилик муддати ва сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозим. Яроқлилик муддати ўтган ёки зарур маълумотлари кўрсатилмаган товарларни қабул қилиш ва реализация қилиш тақиқланган.
Шунингдек, истеъмолчига товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши натижасида у зарур истеъмол хусусиятларига эга бўлмаган товарни сотиб олган бўлса, шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин.
Қонун нуқсонли товар сотилганда ҳам истеъмолчига бир қатор ҳуқуқларни беради. Жумладан, тегишли ҳолатларга қараб, товарни алмаштириш, нуқсонни бартараф этиш, нархни камайтириш ёки шартномани бекор қилиб, зарарни қоплаш каби талаблар қўйилиши мумкин.
Демак, «дори қайтарилмайди» деган қоида ҳар қандай ҳолатга бир хил татбиқ этиладиган мутлақ қоида эмас. Асосий масала — дори воситасининг ҳақиқатан ҳам зарур сифатда экани ва мурожаатга сабаб бўлган ҳолатнинг мазмунидир.
Дори воситасини харид қилишда кейинчалик бундай ноқулайликка дуч келмаслик учун:
— дори номи ва дозасини яна бир бор текширинг;
— шифокор тавсияси ёки рецепт бўлса, унга мувофиқлигини аниқланг;
— дорихона ходимидан сизга айнан шу дори кераклигини тасдиқлаб олинг;
— ишлаб чиқарилган сана ва яроқлилик муддатига эътибор беринг;
— қадоқдаги сақлаш шартлари билан танишинг;
— харидни тасдиқловчи чекни сақлаб қўйинг.
Қонун истеъмолчига товарнинг сифати, бутлиги, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқини беради, сотувчи эса зарур ҳолларда бунинг учун тегишли имкониятни яратиши шарт.
Учкўприк туманидаги мазкур мурожаат истеъмолчилар учун муҳим ҳуқуқий сабоқ бўлди. Кийим-кечак, маиший техника ёки айрим бошқа товарларга нисбатан қўлланиладиган алмаштириш ва қайтариш қоидаларини дори воситаларига автоматик равишда татбиқ этиб бўлмайди.
Дори воситаси — инсон саломатлиги билан бевосита боғлиқ махсус товар. Шу сабабли зарур сифатдаги дори-дaрмон маҳсулотлари қонунчиликда белгиланган тартибга кўра қайтариб олинмайди ва шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайди.
Шунинг учун энг тўғри йўл — дорини сотиб олишдан олдин унинг номи, дозаси ва сизга ҳақиқатан зарурлигини яхшилаб текшириш.
Ҳуқуқингизни билинг, аммо ҳар бир ҳуқуқнинг қонун билан белгиланган тартиби ва чегараси борлигини ҳам унутманг!



Post Comment