Сўз кўкрак нишони соҳибларига: Баходирхон Усмонов – Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан таъсис этилган «Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланганимни катта ҳурмат ва юксак масъулият сифатида қабул қиламан. Мен учун ушбу кўкрак нишони Федерация тизимида кўп йиллар давомида олиб борган меҳнатим, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини ташкил этиш борасидаги фаолиятимга берилган муносиб баҳодир.
Бугун мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига тобора катта эътибор қаратилаётгани, бу борадаги қонунчилик такомиллашиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимоя механизмлари кенгайиб бораётгани қувонарли. Истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва истеъмол маданиятини юксалтириш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир. Федерация тизимидаги кўп йиллик фаолиятим давомида Фурқат, Сўх, Олтиариқ, Қува, Учкўприк, Бувайда ва Ўзбекистон туманларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фаолиятини ташкил этиш, аҳоли билан ишлаш ва ҳуқуқий-маърифий тадбирларни йўлга қўйишда иштирок этганман.
«Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси» кўкрак нишонини мен учун фаолиятимнинг якуний натижаси эмас, балки янада масъулият билан меҳнат қилишга ундайдиган рағбат, деб биламан. Бундан кейин ҳам ўз тажрибам ва билимларимни соҳа ривожига, ёш мутахассисларга устозлик қилишга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтиришга ҳаракат қиламан. Зеро, истеъмолчи ҳуқуқи ҳимояланган, ўз ҳуқуқини биладиган ва қонунга ишонадиган фуқаро — ҳуқуқий демократик жамиятнинг муҳим таянчидир.



Post Comment