Учкўприк туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти сарҳисоб қилинди
Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамда таянч гуруҳлари фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жамиятнинг ўтган даврдаги фаолияти, амалга оширилган ишлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда туман жамиятининг 2021–2025 йиллардаги фаолияти якунлари юзасидан ҳисобот тақдим этилиб, ушбу даврда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда аҳоли ўртасида истеъмолчилик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.
Мулоқотда таянч гуруҳлари фаолларининг жойлардаги ролига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунки истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда маҳалла даражасида аҳоли билан яқин мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва зарур ҳолларда тегишли ташкилотларга йўналтириш муҳим аҳамиятга эга.
Йиғилиш давомида бугунги кунда истеъмолчилик соҳасида юзага келаётган янги муаммолар, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, онлайн савдо ва хизматлардан фойдаланишда истеъмолчиларнинг ҳушёрлигини кучайтириш, шунингдек, жамоатчилик асосидаги назорат ишларини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир якунида туман жамияти ва таянч гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли билан манзилли ишлашни кучайтириш ва истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий натижадорликни ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Зеро, истеъмолчининг ҳуқуқи маҳаллада ҳимоя қилинса, жамиятда ҳуқуқий маданият ва ишонч муҳити янада мустаҳкамланади.



Post Comment