Суюлтирилган газ таъминоти корхоналарида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича жамлама таҳлилий маълумот

Суюлтирилган газ таъминоти корхоналарида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича жамлама таҳлилий маълумот

Ҳудудий бирлашма томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш сифати, истеъмолчилар учун яратилган шарт-шароитлар, газ баллонларининг техник ҳолати, ҳисоб-китоблар, шартномавий муносабатлар, хавфсизлик ва мурожаатлар билан ишлаш ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш натижалари суюлтирилган газ таъминоти тизимида асосий ташкилий механизмлар шаклланганини кўрсатса-да, газни белгиланган график асосида ўз вақтида етказиб бериш, истеъмолчиларни олдиндан хабардор қилиш, баллонлар техник ҳолатига оид ҳужжатларни юритиш ва истеъмолчиларга тўлиқ ахборот бериш масалаларида айрим камчиликлар мавжуд.

1. Истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш ва ахборот очиқлиги

Деярли барча ҳудудларда истеъмолчиларни қабул қилиш учун алоҳида жой, кутиш жойи, қабул кунлари ва вақти ҳамда мурожаат каналлари мавжуд.
Шу билан бирга, Ўзбекистон туманида қабул кунлари ва вақти очиқ кўрсатилмаган. Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳақида ахборот стенди Қува, Олтиариқ ва Бағдод туманларида мавжуд эмас.
Ногиронлиги бўлган ва ҳаракатланиши чекланган шахслар учун хизматдан фойдаланиш имконияти Қўқон шаҳри ва Қува, Олтиариқ, Бағдод туманларида мавжуд эмас, Фарғона туманида эса қисман яратилган.

2. Газ етказиб бериш графиги ва кечикишлар

Ушбу йўналишдаги ҳолат ўрганишнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлди.
14 та ҳудуднинг 12 тасида газ етказиб беришда кечикиш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилган. Фақат Тошлоқ ва Учкўприк туманларида бу борада муаммо қайд этилмаган.
Графикни истеъмолчиларга олдиндан етказиш бўйича Марғилон шаҳри, Қўштепа туманида қисман, Фарғона, Қува, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида эса йўлга қўйилмаган.
Амалда белгиланган графикка риоя қилиш бўйича Фарғона ва Қува туманларида «деярли йўқ», Қўштепа ва Олтиариқ туманларида «баъзан», Марғилон, Ёзёвон ва Риштон туманларида эса «кўпинча» кўрсаткичи қайд этилган.
Бу ҳолат суюлтирилган газ таъминотида графикнинг мавжудлиги билан унинг амалда бажарилиши ўртасида фарқ борлигини кўрсатади.

3. Истеъмолчилар мурожаатлари ва асосий муаммолар

Сўровнома натижасида 14 та ҳудуддан 11 тасида сўнгги уч ойда суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича истеъмолчилар шикоятлари тушгани кўрсатилган.
Энг кўп қайд этилган муаммо — газнинг ўз вақтида етказиб берилмаслиги. Бу ҳолат Қўқон шаҳри, Марғилон, Фарғона, Қува, Ёзёвон, Тошлоқ, Қўштепа, Олтиариқ, Риштон, Учкўприк ва Бешариқ каби ҳудудларда турли кўринишда қайд этилган.
Алоҳида ҳолатларда:
• Олтиариқ туманида маҳсулотни ўз вақтида етказиб бермаслик;
• Риштон туманида газ кечикиши ва қўшимча баллонга эҳтиёж;
• Ўзбекистон туманида қўшимча баллон олиш масаласи;
• Марғилон шаҳрида газ етказиб беришда узилишлар мавжудлиги кўрсатилган.

4. Газ баллонларининг техник ҳолати

Баллонларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, ташқи кўринишини текшириш ва яроқсиз баллонлардан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича ҳолат асосан ижобий.
Бироқ Бағдод туманида баллонларнинг техник ҳолатини назорат қилиш ва ташқи ҳолатини текшириш бўйича камчиликлар қайд этилган.
Баллонларни техник кўрикдан ўтказиш ҳужжатлари Марғилон шаҳри, Олтиариқ ва Бешариқ туманларида, баллонлар техник ҳолатини назорат қилиш ҳужжатлари эса Фарғона туманида мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

5. Ҳисоб-китоблар ва тўловлар

Суюлтирилган газ миқдорини аниқлаш, ўлчов воситаларидан фойдаланиш ва истеъмолчига етказиб берилган газ миқдори ҳақида маълумот бериш масалаларида умумий ҳолат ижобий.
Бироқ ўлчов воситаларининг қиёсловдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар Қўқон шаҳри, Фарғона ва Ўзбекистон туманларида мавжуд эмас.
Тўловни тасдиқловчи ҳужжатлар бўйича Марғилон, Фарғона, Қўштепа ва Олтиариқ туманларида чек берилмаслиги, Учкўприк туманида эса чекнинг баъзан берилиши қайд этилган.

6. Шартнома ва истеъмолчилар ҳуқуқларини тушунтириш

Истеъмолчилар билан суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши деярли барча ҳудудларда йўлга қўйилган.
Фарғона туманида эса истеъмолчига шартнома нусхаси берилмаслиги, шартнома шартлари ва истеъмолчининг ҳуқуқ-мазбуриятларини тушунтириш билан боғлиқ айрим камчиликлар қайд этилган.
Шунингдек, газ етказиб беришдаги узилиш ва кечикишларга оид шартнома тартиби Қўқон шаҳри, Фарғона ва Қўштепа туманларида истеъмолчига тўлиқ тушунтирилмаган.

7. Хавфсизлик ва профилактика ишлари

Газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш, газ сизиб чиқиши ҳолатида қаерга мурожаат қилиш ва авариявий ҳолатларда тезкор чора кўриш механизмлари асосан барча ҳудудларда мавжуд.
Бироқ газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтиришлар Фарғона туманида берилмаслиги, Учкўприк туманида эса бундай тушунтиришлар баъзан ўтказилиши қайд этилган.
Профилактик тарғибот материаллари Қўқон шаҳри ва Фарғона туманида мавжуд эмас.

8. Мурожаатлар билан ишлаш

Мурожаатларни қайд этиш, белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва натижасини истеъмолчига маълум қилиш тизими аксарият ҳудудларда мавжуд.
Бироқ Ўзбекистон туманида мурожаатларни қайд этиш журнали, Фарғона туманида эса мурожаатларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиш бўйича камчилик қайд этилган.
Газ таъминотидаги узилишлар бўйича мурожаатларни алоҳида таҳлил қилиш механизми Қўқон, Марғилон ва Фарғона ҳудудларида тўлиқ йўлга қўйилмаган.

Хулоса

Умуман, ўрганиш натижалари суюлтирилган газ таъминоти соҳасида истеъмолчиларга хизмат кўрсатишнинг асосий ташкилий механизмлари шаклланганини кўрсатади. Бироқ энг жиддий муаммо — газ баллонларининг аҳолига белгиланган график асосида ва ўз вақтида етказиб берилиши билан боғлиқ.
Шунингдек, истеъмолчиларни график ва кечикишлар ҳақида олдиндан хабардор қилиш, чек бериш, баллонлар техник кўригига оид ҳужжатларни тўлиқ юритиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратиш ва истеъмолчиларга ҳуқуқий ҳамда хавфсизликка оид ахборотларни очиқ тақдим этиш йўналишларида аниқ чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқ.
Айниқса, Фарғона, Қува, Қўштепа, Олтиариқ, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида аниқланган бир нечта камчиликларни бартараф этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, газ етказиб беришдаги кечикишларнинг сабабларини ўрганиш ҳамда аҳоли шикоятларини ҳудудлар кесимида мунтазам таҳлил қилиб бориш мақсадга мувофиқ.

Post Comment