Биргаликда енгамиз …
Бешариқ туманида ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг “Жамоатчилик мониторинги (кузатув-ўрганишлар) ва жамоатчилик фикрини ўрганиш ишларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда коронавирус касаллиги (COVID-19) тарқалишини олдини олиш, ушбу вазиятда аҳолининг истеъмол соҳасида хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталигини сақлаш борасидаги ишларни жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганув-таҳлилий ишлар давомида сотувчи, хизмат кўрсатувчи ва аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинди. Мазкур жараёнга кенг жамоатчилик (тумандаги давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари) вакилларининг ҳам жалб қилинганлиги ўрганиш ишларининг самарадорлигини янада оширди.
Ўрганиш ишлари туман санитария-эпидемиология осойишталиги маркази масъуллари томонидан жойларда мунтазам равишда дезинфекция ишлари ўтказилаётганлиги, аҳолига коронавирус касаллиги хавфи ва оқибатлари тўғрисида тизимли тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини кўрсатди.
Туман ҳудудида яшовчи фуқароларнинг турли юмушлар билан хорижга чиқиб келганларидан сўнг карантинга олиш, ҳудуднинг санитар-эпидемилогик осойишталигини таъминлаш ишларини тизимли равишда ташкиллаш учун туман штаби ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат таркибдаги санитария-эпидемиология маркази штаблари фаолият олиб бормокда. Карантин тадбирларида иштирок этиш учун вақтинча ишсиз бўлган 132 нафар фуқаролар жамоатчилик ишларига жалб қилиниб, уларга 270 та автомакс, 510 дона махсус кийим-бош, 2700 та ҳимоя ниқоби ва 1400 дона қўлқоп ажратилган. Карантин тадбирлари бошланган пайтдан шу кунга қадар зарарсизлантириш ишларига 9 тоннадан ортиқ дезинфекцияловчи моддалар ҳудудни зарарсизлантириш ишларига сарфланган.
Лекин олиб борилаётган тадбирларга қарамай, айрим фукаролар томонидан карантин қоидаларига амал қилмаслик, беэътибор бўлиш ҳолатлари ҳам учраб қолмоқда. Жумладан, шу кунга қадар туманнинг 2498 нафар фуқароси томонидан жамоат жойларида ниқобсиз юриш ҳолатлари қайд қилиниб, тегишли баённомалар расмийлаштирилган ва улардан 389 937 800 (уч юз саксон тўққиз миллион тўққиз ўттиз етти минг саккиз юз) сўм жарима маблағлари ундирилган.
Тадбирлар доирасида аҳолига турли хизматлар кўрсатиш объектлари, шунингдек иш фаолиятини бошлаш арафасида турган мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятларини карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда бошлаб олишга тайёргарлик ишлари ўрганилганда, ташкилот ва муассасалар томонидан кириш жойларида тартиб асосида дезинфекциялаш ишлари учун барча воситалар етказиб берилгани, бу борадаги назорат ишларига алоҳида ходимлар ажратилган бўлсада, аҳоли томонидан жойларда (хусусан тижорат банкларида) ижтимоий масофани сақлаш талабларига риоя этилмаётганлиги кузатилди. Туман марказий Деҳқон бозори ҳудудида олиб борилган ўрганишлар аҳолининг бу борадаги талабларга анчайин беъэтибор бўлаётганлигини кўрсатди. Бу ерда аксарият ҳолларда сотувчилар ва харидорлар ҳимоя ниқобларидан ўзларининг хавфсизликларини таъминлаш ёки ўзгаларга касаллик тарқатмаслик мақсадида фойдаланиш учун эмас, аксинча назорат олиб бораётган ишчи гуруҳлар кўзи учунгина тақаётгани кузатилди. Дезинфекцион йўлак ўрнатилган бўлсада, ҳозирги пайтда қурилиш ишлари кетаётган мазкур бозорда унинг орқали ўтишга эҳтиёж йўк. Ижтимоий масофага ҳам шароитга қараб амал килинмоқда.
Йўл қўйилаётган камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровнома саволларига берилган жавобларда ҳам кўриниб қолаяпти. Хусусан, ”Ижтимоий масофа неча метрни ташкил килишини биласизми?”, деган саволга респондентларнинг 30 фоизи нотўғри жавоб берган. Лекин ўтказилган ижтимоий сўровноманинг умумий натижалари аҳолида бу борада етарли билим ва тушунчалар шаклланганлигини кўрсатди.
Нодавлат мактабгача таълим муассасаларида ўтказилган кузатувлар жараёнида карантин тартиблари ва талабларига тўлиқ амал қилиш бирмунча қониқарсиз аҳволда эканлигини кўрсатди. Ушбу ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимларига ўрнатилган тартибларга қатъий риоя этилиши юзасидан қўшимча тушунтиришлар ва тавсиялар берилиб, камчиликларнинг аксариятини мазкур жараёнда бартараф этилди.
Давлат мактабгача таълим муассасаларида болаларни қабул қилишга бир маромда тайёргарлик ишлари олиб борилаётган, антисептик воситалар билан таъминланган, дезинфекцион туннеллар ўрнатилган, ижтимоий масофани сақлаш бўйича белгилар қўйилган бўлсада, улар тана ҳароратини ўлчовчи контактсиз пирометрлар билан таъминланмаган.
Кузатув (ўрганиш) ишлари натижасида ишчи гуруҳи, маҳаллалар фаоллари ва ўрганиш ишларига жалб этилган бошқа фаол фуқаролар томонидан коронавирус касаллиги тарқалишини олдини олиш ва жиловлаш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Жумладан:
– бозорларда ташкил этилган дезинфекция туннелларидан барча бозорга келувчиларнинг мажбурий ўтиши учун шароит яратилиши шарт, ҳозирда бу туннелларни ёнлаб ўтиш учун йўл ва йўлаклар ниҳоятда кўп.
– аҳоли ўртасида касалликка чалиниш даражасини аниқлаш мақсадида анализ-тестлар ўтказишни тезлаштириш;
– тўй ва бошқа маросимларни ўтказишнинг юзага келган шароитга мос бўлган янги тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш;
– кеч соат 23-00 дан кейин, зарурий ҳолатларни истисно қилган ҳолда, кўчада мақсадсиз юрмаслик бўйича тушунтириш ва тарғиботни кучайтириш;
– аҳоли билан яқин мулоқотда ишлайдиган ташкилот ва муассасаларда ижтимоий масофани сақлаш ишларига қатъий амал қилинишини назоратга олиш;
– кечки вақтларда марказий телеканаллар орқали одамларни ўзига тортадиган кўнгилочар кўрсатувлар намойишларини кўпайтириш (Карантин бошланиш даврида бу иш яхшигина ташкил этилган эди, ҳозир бу бироз сусайгандек);
– телевидение орқали касалликни олдини олиш ва бу борада аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида берилаётган тушунтириш, тарғибот ва бошқа кўрсатувларда ушбу ҳолатда фуқароларни қўрқитиш, жазолаш томонларига эмас, балки касаллик аломатлари сезилганда фуқаролар томонидан мутахассисларга мурожаат этишда шахсий ташаббуснинг ўрни ва аҳамиятига, бундай фуқароларни маънавий рағбатлантириш томонларига эътибор қаратиш;
– аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, уларни турли фирибгарларга алданиб қолишини олдини олиш мақсадида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан касалликни келиб чиқиш сабаблари, уни даволаш ва бутунлай бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар, ривожланган давлатлар, шунингдек тиббиёт соҳаси кенг ривожланган давлатлар олимлари томонидан яратилган ёки яратилаётган дори-дармонлар, вакциналар тўғрисида аҳолини хабардор қилиб бориш бўйича ишларни изчил давом эттириш.
Хамиджон Ахмедов
Бешариқ тумани ИҲҲҚ жамияти раиси
Post Comment