Истеъмолчига сотилган носоз телефоннинг пули қайтарилди
Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаро О. Разумов фарзандининг туғилган куни ёдда қоларли ўтишини истаб, унга совға сифатида Самсунг А10S русумли телефон сотиб олади. Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, истеъмолчи сотиб олинган товарнинг сифати ва бутлигини текшириб олиш ҳуқуқига эга бўлсада, истеъмолчи “Совға совғадай бўлсин, қизим телефон аппарати коробкасиниям ўзи очсин”, деган ниятдами ёки сотувчига ишонганми, ишқилиб очмасдан олиб кетаверган.
Лекин уйда янгигина телефон коробкасидан олиниб, сим карта ўрнатилгач, унинг микрофони ишламаслиги маълум бўлади. Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган ота, албатта, қизи ва оила аъзоларининг олдида ҳижолат бўлади.
Юқорида номи зикр этилган қонуннинг 13-моддасида, бундай ҳолатда фуқаро, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз ҳоҳишига кўра бир неча талабларни қўйишга, хусусан тузилган шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш талабини қўйиш ҳуқуқига эга. Оддий қилиб айтганда пулини қайтариб олиши мумкин.
Бироқ якка тартибдаги тадбиркор Ю.Рустамов унинг мазкур талабини эштигач, уни сервис марказига юборади. Сервис марказидагилар телефонни таъмирлаш билан шуғулланишларини, пулини қайтариш талабини сотувчига қўйиши кераклигини айтиб, уни қайтариб юборадилар. Шундан сўнг истеъмолчи мазкур масалани ҳал этилишида ёрдам сўраб Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Фарғона шаҳар жамияти ходимларининг сотувчи билан олиб борган музокаралари натижасида эса, истеъмолчига 1 650 000 (бир миллион олти юз эллик минг) сўм пул маблағини қайтарилишига эришилди.
Шермурод Охунов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment