Товар (иш, хизмат)дан фойдаланиш йўриқномаси талабларига амал қилишни ҳам унутмаслик керак
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Қува тумани Хўжа Хасан қишлоғида яшовчи И.Тожибоевнинг мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида баён қилишича, у “QUVASOYSHIFER HRIZOTIL” МЧЖда ишлаб чиқарилган 200 дона шифер маҳсулотларини сотиб олган. Шиферлар томга қоқилгач, улардан 96 таси дарз кетган. Истеъмолчининг ушбу масалада корхона масъулларига қилган мурожаати қаноатлантирилиб, дарз кетган шиферлар алмаштириб берилган. Бироқ орадан маълум вақт ўтгандан кейин томга қоқилган шиферлардан яна бир нечаси дарз кетади. Ҳолат бўйича ишлаб чиқарувчи вакили иштирокида далолатнома ҳам тузилади. Алмаштириш ишлари бироз чўзилаётганлигидан хавотирга тушган фуқаро шаҳар жамиятига ушбу масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш давомида мазкур масалада корхонадан олинган расмий жавобда шиферларни томга ўрнатиш ишлари ўрнатиш нормалари талаби асосида бажарилмаганлиги (коррозияга қарши пўлатдан ясалган махсус шифер михидан фойдаланмаслик, шифер листларини махсус ускуна (дрель) ёрдамида тешилмаганлиги, тешиклар мих ўлчамидан 2-3 ммга ортиқ бўлишига эътибор қаратилмаганлиги, саккиз тўлқинли шифер маҳсулоти ётқизилишида михлар 2 ва 6-тўлқинларга талаб даражасида қотирилмаганлиги, мих қоқишда қўшимча изоляция сифатида резина ёки пластик шайбадан фойдаланилмагани) натижасида юқоридаги нуқсонлар келиб чиққанлиги ҳақида тушунтиришлар берилди. Шундай бўлсада, корхона томонидан фуқарога амалий ёрдам кўрсатилиб, 70 дона шифер алмаштириб берилганлиги ҳам маълум қилинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўрганиш ишлари натижасида ушбу ҳолатда фуқарога нуқсонли товарни алмаштириб берилиши билан унга жорий нархларда олинганда 2 940 000 сўм миқдорида моддий зарар етишининг олди олинди. Бироқ фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчиларимизга шуни ҳам эслатиб ўтишимиз жоизки, товарлар сотиб олаётганда, иш, хизматларга буюртма берганда мазкур товар (иш, хизмат)дан фойдаланиш йўриқномаси талабларига ҳам амал қилиш лозим бўлади. Акс ҳолда, юзага келадиган ҳолатда истеъмолчи айбдор бўлиб қолиб, ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўриб қолишига сабаб бўлади.
Қундузхон Закирова
Қувасой шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment