Уч йилга кафолат берилган товар беш ойда қилиқ кўрсатди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Қиргули мавзесида истиқомат қилувчи М.В.нинг ўзи томонидан сотиб олинган иситиш қозонида юзага келган нуқсонлар юзасидан қилган оғзаки мурожаати ўрганилди.
Шаҳар жамиятига ўз мурожаати билан ташриф буюрган истеъмолчининг билдиришича, у 2020 йилнинг сентябрь ойида ўзи яшаб турган ҳудуддаги якка тартибдаги тадбиркор Х.Б.га қарашли савдо дўконидан VESSEN русумли иситиш қозони (котёл)ни уч йиллик кафолат муддати билан 5500000 (беш миллион беш юз минг) сўмга сотиб олиб, мутахассис ёрдамида хонадонига ўрнатган. Лекин шу йилнинг февраль ойларига келиб, яъни орадан беш ой ўтгач иситиш қозонида нуқсонлар кузатила бошлаган. У сотувчига бу борадаги эътирозларини бир неча бор билдирган, лекин бундан натижа чиқара олмаган.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида унинг томонидан билдирилган эътирозларнинг ўринли эканлиги соҳа мутахассиси томонидан ҳам тасдиқланиб, иситиш қозонида ҳақиқатан ҳам нуқсон мавжудлиги, ушбу нуқсон истеъмолчининг айби билан вужудга келмаганлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, сотувчи билан учрашилиб, унга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Ушбу жараёнда истеъмолчи сотувчига юзага келган нуқсонларни бартараф этиш борасида бир неча бор мурожаат қилганлиги, лекин унинг томонидан юзага келган ҳолатни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмаганлигидан келиб чиққан ҳолда, Қонуннинг 16-моддаси талабларида, яъни агар сотувчи истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб етказилган зиённи қопланишини талаб қилишга ҳақлилигига асосланган ҳолда нуқсонли товар сотувчига, 5500000 сўм маблағ эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.
Баходирхон Усмонов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси
Post Comment