Тушунтиришлар кор қилиб авиачипта пули қайтарилди

Тушунтиришлар кор қилиб авиачипта пули қайтарилди

Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Пандигон МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро В.Хомидовнинг Россия Федерациясига учиш учун сотиб олинган ва узрли сабаблар билан қолдирилган чиптанинг пулини қайтариб олиш масаласида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатдан маълум бўлишича, истеъмолчи Риштон тумани марказида жойлашган “Риштон парвоз транс” МЧЖ қарашли авиачипталарни сотиш шаҳобчасидан Тошкент – Москва (Домодедово аэропорти) йўналиши бўйича чартер рейс билан учувчи авиаташувчи чиптасини 1150 АҚШ долларига сотиб олган. Учиш амалга ошириладиган вақтга яқин қолган вақтда фуқаро В.Хомидовда Россия Федерациясига кириш учун тақиқ борлиги тўғрисидаги маълумот олинган. Натижада у мазкур рейс билан уча олмаган. Шундан сўнг, у амалга ошира олмай қолган авиарейс чиптаси пулини қайтарилиши борасидаги масалани мазкур шаҳобча сотувчиси билан ҳал қила олмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси 104-моддасига кўра, йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда, айтайлик ҳаво кемаси парвоз қилгунича ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, йўловчининг парвоздан воз кечиш билан боғлиқ талаблари мажбурий ёки ихтиёрий асосларда бўлиши мумкин. Мажбурий воз кечилишига олиб келувчи ҳолатлар авиакомпания билан боғлиқ ҳолатлар ва боғлиқ бўлмаган ҳолатларга бўлинади.

Авиарейс амалга оширилишини бекор қилиниши, ушланиб (кеч) қолиши, авиаташувчи томонидан ташиш йўналишини ўзгартирилиши, авиаташувни жадвалда кўрсатилган вақтини ўзгариши каби ҳолатлар авиакомпания билан боғлиқ ҳолатлар сирасига киритилса, йўловчининг касал бўлиб қолиши ёки ўзининг, унинг оила аъзоларидан бирининг вафоти, йўловчи учун тўлдирилган чиптадаги хатоликлар, виза берилишини рад қилиниши каби ҳолатлар эса авиакомпанияга боғлиқ бўлмаган, лекин йўловчининг авиаташувдан мажбурий воз кечишига олиб келувчи ҳолатлар сифатида баҳоланади.

Авиаташувдан ихтиёрий асосларда воз кечиш ҳолатлари сифатида эса, қуйидаги ҳолатларни келтириб ўтиш мумкин: рўйхатдан ўтишга кеч қолиш, учиш учун зарур бўлган ҳужжатларни (паспорт, биргаликда кетаётган боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси, виза ва бошқалар) йўқлиги ёки нотўғри тўлдирилганлиги, учиш аэропорти ҳудудида паспорт, божхона, иммиграция ва бошқа шу каби назорат органлари томонидан йўловчининг авиарейсдан олиниши (қолдирилиши) тўғрисидаги қарор, муайян жойга бориладиган вақтдаги (хизмат сафари кунидаги) ўзгаришлар, режаларнинг ўзгариши (ҳоҳишнинг йўқолиши, поезд кетишга қарор қилиниши ва бошқалар), йўловчининг кўрсатилган манзилга боришига тўсқинлик қилувчи шахсий сабаблар (узоқроқ қариндошининг касаллиги ёки ўлими, турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолганлиги, имтиҳоналарда қатнашиш ва ҳакозолар).

Бунинг нима аҳамияти бор дейишингиз мумкин? Ҳаво кодексининг юқоридаги моддасига синчиклаб назар солинса, “… тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш …”, деган жумлаларга кўзингиз тушади. Демак, йўловчи тўланган сумманинг ҳаммасини ҳам олиши мумкин, унинг бир қисмини олиб қолишлари ҳам мумкин. Бу эса ташувчининг тарифларини қўллаш қоидалари билан белгилаб қўйилади.
Йўловчида авиаташувдан мажбурий воз кечилиши билан боғлиқ ҳолатларда тўланган сумманинг ҳаммасини қайтариб олиш имкониятининг мавжудлиги эса истеъмолчи учун аҳамиятлидир.

Ўрганувда авиачипта сотувчи шаҳобча масъуллари билан учрашилиб, амалдаги қонун ва қонун ости меъёрий ҳужжатлари бўйича тушунтиришлар олиб борилди. Натижада истеъмолчи В.Хомидовга авиачипта пули қайтарилишига эришилди. Ўрганув ишларидан қониқиш ҳосил қилган истеъмолчи туман жамияти ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси

Post Comment