Нуқсонли товар бўйича мурожаат: истеъмолчи манфаати тўлиқ таъминланди

Нуқсонли товар бўйича мурожаат: истеъмолчи манфаати тўлиқ таъминланди

Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи фуқаро Р.Қ. томонидан харид қилинган маиший техника сифати бўйича мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаат Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали қабул қилиниб, амалдаги қонунчилик асосида ўрганиб чиқилди.

Истеъмолчига кўра, у 2026 йилнинг 12 апрел кунида “ARKON” кредит савдо дўконидан Samsung A26 русумли мобил телефонни 4 500 000 сўмга харид қилган бўлиб, 1 500 000 сўмни дастлабки тўлов сифатида амалга оширган. Бироқ қисқа муддатдан сўнг телефондан фойдаланиш жараёнида унинг экранида нуқсонлар, яъни мобил қурилмани ўз-ўзидан ишламай қолиш ҳолатлари кузатилган.

Мурожаат асосида ўтказилган ўрганиш жараёнида истеъмолчи томонидан кредит муассасаси ва сотувчига мурожаат қилингани, бироқ дастлаб унга сервисга хизматига мурожаат қилиш тавсия этилгани маълум бўлди. Сервис марказида ўтказилган текширувлар натижасида эса қурилмада завод нуқсони (брак) мавжудлиги аниқланган.

Шундан сўнг мутасадди ташкилот мутахассислари томонидан сотувчи ва кредит ташкилоти вакиллари иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ, нуқсонли товар бўйича истеъмолчининг ҳуқуқлари, жумладан, товарни алмаштириш ёки шартномани бекор қилиш ва тўланган маблағни қайтариш ҳуқуқи тушунтирилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, сотувчи томонидан истеъмолчининг талаби қаноатлантирилиб, телефон учун тўланган 1 500 000 сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди ҳамда тузилган шартнома бекор қилинди. Шунинг билан биргаликда, мурожаатчига қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Бу каби ҳолатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарали ишлаётганини, фуқаролар мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиб, қонуний асосда ижобий ҳал этилаётганини кўрсатади. Энг муҳими, истеъмолчи манфаати таъминланиб, адолатли ечимга эришилганидир.

Рауфжон Туйчиев,
жамият мутахассиси.

Post Comment