Сифатсиз хизмат оқибати бартараф этилди: истеъмолчи манфаати таъминланди
Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро Т.К.нинг томонидан темир дарвоза тайёрлаш хизмати сифатидан норозилик билдириб қилинган мурожаат тегишли тартибда ўрганилди. Мазкур мурожаат асосида туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан атрофлича текширув ишлари олиб борилди.
Истеъмолчига кўра, у шу йилнинг 13 апрел куни туман ҳудудидаги “Чоршанба бозори”дан хонадони учун темир дарвоза тайёрлатиш мақсадида 7 380 000 сўм тўлаб, буюртма берган. Бироқ орадан қисқа вақт ўтиб, тайёрланган дарвозанинг сифати талаб даражасида эмаслиги кузатилган, яъни юпқа материалдан ишлангани сабабли унинг айрим қисмлари ёрилиб кетган.
Ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан хизмат кўрсатувчи уста (ижрочи) фаолияти жойига чиқиб кўрилди ва ҳақиқатан ҳам буюм сифатсиз материалдан тайёрлангани тасдиқланди. Шу муносабат билан ижрочига амалдаги қонунчилик, жумладан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун нормалари асосида тушунтириш ишлари олиб борилди. Унга истеъмолчи олдидаги мажбуриятлари, сифатли хизмат кўрсатиш талаби ҳамда камчиликларни бартараф этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Натижада уста томонидан йўл қўйилган камчиликлар тан олиниб, фуқарога сифатли материаллардан янги темир дарвоза тайёрлаб бериш мажбурияти олинди ҳамда ушбу ишлар амалга оширилиб, мурожаатчига қайтадан сифатли дарвоза ўрнатиб берилди.



Post Comment