Ўрганиш натижалари нимани кўрсатмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги ўртасида имзоланган Меморандум асосида Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида қурилиб фойдаланишга топширилган ва бугунги кунда қурилиш ишлари давом эттирилаётган (бино, иншоот, турар жой бинолари, енгил турдаги қурилмалар, вақтинчалик қурилмалар) қурилиш объектларида қурилиш нормалари ва қоидалари, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослигини ўрганиш бўйича ҳудудий бирлашманинг жамоатчилик назорати тартибида ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганиш ишлари нималарни кўрсатди?
“Фар Кенагас” КМК МЧЖ Муллазоир массивида олиб борилаётган 2 та 5 қаватли уй-жойларни қуриш ишларида банд ишчиларни махсус кийимлар ва махсус бош кийим (каска), ҳимоя камарлари билан таъминламаган. Бу ҳолат туман ҳудудида қурилиш ишлари олиб бораётган “Кенагас мукаммал қурилиш” хусусий фирмаси, “Данғара махсус сув пудрат” хусусий фирмаси, “Қўқон агро қурилиш” МЧЖ, “Уч-Бинокор” МЧЖ, “Водий савдогар парвози” МЧЖ, “Фарғона Дифин” хусусий корхонасига қарашли объектларда ҳам кузатилди.
Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, аҳоли фойдаланиши учун барпо этиладиган бино ва иншоотларга барчанинг бирдек кириб чиқа олишига имконият яратиб бериш мақсадида, ногиронлар учун махсус йўлак (пандус) ҳам аввал бошдан қурилиш ишлари лойиҳасига киритилиши лозим. Лекин ўрганиш ишлари билан қамраб олинган ҳамда бугунги кунда қурилиш ишлари олиб борилаётган “Фар Кенагас” КМК МЧЖ, “Кенагас мукаммал қурилиш” хусусий фирмаси, “Қўқон агро қурилиш” МЧЖ, “Водий савдогар парвози” МЧЖ, “Фарғона Дифин” хусусий корхоналари томонидан олиб борилаётган қурилиш объектларида махсус йўлак (пандус)ларнинг лойиҳада ҳам назарда тутилмаганлиги кузатилди.
“Кенагас мукаммал қурилиш” хусусий фирмаси томонидан Муллазоир массивида олиб борилаётган кўп қаватли уйларни қуриш ишларида бинонинг биринчи қаватидаги хонадонлардаги электр тармоқларини монтаж ишлари белгиланган тартибда бажарилмаётганлиги кузатилди.
“Данғара махсус сув пудрат” хусусий фирмаси томонидан 11-мактабгача таълим муассасаси биносини мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш жараёнлари кузатилганда бинонинг техник ҳолати бўйича Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Фарғона вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспецияси томонидан техник ҳолати бўйича хулосаллар берилганлиги, техник хулосасига кўра, бинонинг ҚМҚ 2.01.03.-96 (қурилиш меёрий қоидалари) зилзилавий худудларда қурилишнинг 3.5-банди талабларига жавоб беришлиги кўрсатилган бўлсада, ҳозирги бинонинг демонтаж ишларида сейсмик бойламлари бўлмаганлиги кузатилди. Қўшимча қурилаётган биноларнинг асос қисмидаги бетон қопламаларини қуйишдан олдин бажариладиган сақичли намликдан ҳимоялаш қопламалри ётқизилмаганлиги кузатилди.
Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчаси Почта бўлими рўпарасида фуқаро Каримов Фахриддин томонидан 3 қаватли, ҳозирда фаолият тури номаълум бўлган бино қуриб битқазилмоқда. Бинонинг қурилишида тегишли ташкилотлар томонидан бериладиган ҳужжатлар расмийлаштирилмаган, яъни ноқонуний равишда амалга оширилмоқда.
“Нурли давр” МЧЖ Муллазоир массиви ҳудудида жойлашган туман захира ер майдонлари ҳисобидан 2021 йилда аҳолини уй-жойга муҳтож қатламини уй-жой билан таъминлаш учун 4 дона 5 қаватли 160 та хонадондан иборат турар-жой бинолари қурилиши учун жами 0,50 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, турар жойларни қуриш ишлари бошланиб бетон қисми қуйилган бўлсада, ҳозирги кунда ишлар тўхтатилганлиги кузатилди.
Ўрганиш ишлари доирасида қурилиш объектлари масъулларига ва фуқароларга ҳар бир фуқаро қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуққа эга эканлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, ёнғинга қарши ҳамда санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этилиши, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик экспертизаси шаклларида ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкинлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment