Қарздорлик бўлса замонавий ҳисоблагич хонадонни тармоқдан узар эдику?
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро М.Мирзаеванинг газ таъминоти идораси томонидан ҳисобланаётган қарздорлик суммасидан норози бўлиб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганиш ишлари давомида истеъмолчининг табиий газ учун амалга оширган тўлов қоғозларидан нусхалар олинди. Шунингдек, хонадонга замонавий русумдаги автоматлаштирилган тизимда ишловчи газ ҳисоблагич ускунаси ўрнатилганлиги, агар қарздорлик юзага келса, мазкур турдаги ҳисоблагич хонадонни газ тармоғидан автоматик равишда узиши ҳам инобатга олинди.
Мурожаатни ўрганиш доирасида “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг Қўқон шаҳар газ таъминоти бўлимига истеъмолчи М.Мирзаеванинг қарздорликка аниқлик киритиш бўйича корхонага оғзаки равишда мурожаатлар қилганлиги, лекин масала ечим топмай келганлиги, истеъмолчининг шахсий телефон рақамига 265 000 (икки юз олтмиш беш минг) сўм қарздорлик мавжудлиги бўйича СМС хабарлар келаётганлиги ҳамда бу ҳолатга аниқлик киритилиши борасида расмий сўров хати юборилди.
Корхонадан олинган жавоб хатида маълум қилинишича, истеъмолчи хонадони АСКУГ тизимига эга замонавий газ ҳисоблагич билан жиҳозланган ҳамда ушбу жараён тегишли тартибда расмийлаштирилган. Хонадондан даъво қилинаётган қарздорлик эса асоссиз деб топилган ҳамда мазкур суммани дастурдан чиқариб ташлаш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Асроржон Маматқулов
Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment