Истеъмолчининг товарни таъмирлаш учун ёнидан сарфлаган маблағи сотувчининг ҳисобидан қоплаб берилди
Наманган шаҳар Давлатобод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Д.Камолиддинованинг мурожаати ўрганилган.
Мурожаатда фуқаро маиший техникалар сотиладиган дўкондан кредит шартномаси асосида 1 дона қўл телефони ҳамда дазмол сотиб олганлигини, лекин олинган маиший техника буюмлари учун дўкон маъмурияти томонидан кафолат муддати берилмаганлигини баён қилади. Шунингдек, олинган буюмлардан фойдаланиш жараёнида дазмолнинг бузилиб қолганлиги ва уни ўз маблағи эвазига таъмирлатганлигини ҳам қўшимча қилиб, товарда кузатилган нуқсонни бартараф этиш учун сарфлаган маблағини сотувчи томонидан қоплаб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси биринчи қисмига кўра, истеъмолчи нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш бўйича сотувчига талаб қўйиши мумкин. Мазкур модданинг иккинчи қисмига кўра, мазкур талаб кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида қўйилиши мумкин.
Истеъмолчи мурожаатини туман жамияти ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ҳамда сотувчига амалдаги қонунчилик талабларини тушунтирилиши натижасида, истеъмолчи Д.Камолиддинованинг нуқсонли товарни таъмирлатиш учун ўз ёнидан сарфлаган маблағини сотувчи ҳисобидан қоплаб берилишига эришилди.
Собирова Шохсанам
Давлатобод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment