Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати мутахассислари томонидан ҳамкор ташкилотлар ишчи ходимларининг истеъмолчилик соҳасида юзага келаётган муаммоларини ўрганиб бартараф қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, шаҳардаги мактабгача таълим ташкилотлари ишчи ходимлари билан ташкилланаётган юзма-юз учрашувлар, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб ҳал қилиниши борасидаги ишлар шулар жумласидандир. Бир-иккита мисолларга тўхталсам.
Шаҳардаги мактабгача таълим ташкилотларининг биридаги ошхона фаолиятида фойдаланиб келинаётган ПЕ-1 русумли овқат пиширгични ишламай қолганлиги сабабли ушбу жиҳозларга техник хизмат кўрсатиб келаётган Тошлоқ туманида жойлашган “Марказий Утилизация” МЧЖга мурожааат қилишган. МЧЖ томонидан мазкур газ плитаси таъмирлаш учун олиб кетилиб, бир ой ўтса ҳамки таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказиб берилмаган. Орада мактабгача таълим ташкилоти ушбу масалада бир-икки ташкилотга кўмак сўраб мурожаат ҳам қилган. Лекин масала ҳал бўлмасдан қолиб кетаверган. Мазкур таълим масканида шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ташкилланган учрашув давомида ташкилот ходимлари ушбу масалани ҳам кўтаргандилар. Мурожаат юзасидан жамият ходимлари томонидан олиб борилган ўрганув ишлари давомида МЧЖ масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди. Қонун талабларини тўғри англаб етган масъуллар, олиб кетилган овқат пиширгични таъмирлаш учун келишилган муддат ўтиб кетганлиги сабабли жиҳоздаги нуқсонни бепул бартараф этиб, уни ташкилотига олиб келиб ўрнатиб бердилар.
Яна бир мисол. Мустақиллик кўчасида яшовчи фуқаро 2021 йилнинг апрел ойида Тошлоқ туманидаги кредит савдо дўконидан уяли телефон харид қилган. Сотиб олган телефони учун олдиндан 450 000 (тўрт юз эллик минг) сўм тўловни ҳам амалга оширган. Бир ҳафта ўтмасдан телефон аппаратида юзага келган нуқсон юзасидан кредит дўконига қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал қилиниб, мобил қурилма янгисига алмаштириб ҳам берилган. Лекин алмаштириб берилган янги телефон аппарати ҳам узоққа бормасдан, бузилиб қолавергач истеъмолчи дўкон маъмуриятидан тузилган шартномани бекор қилинишини талаб қилади. Орадан бир неча кун ўтиб, дўкон ходимлари истеъмолчига шартнома 2021 йил май ойида бекор қилингани тўғрисида телефон орқали маълумот берадилар. Бироқ 2021 йилнинг август ойига келиб истеъмолчига хизмат кўрсатувчи банк томонидан кредити мавжудлиги тўғрисида огоҳлантириш берилиб, банк пластик картасидан пул маблағи ушлаб қолинади.
Истеъмолчи банкдан қарздорлик мавжудлиги тўғрисида хабарнома олгани ва пластик картасидан қарз ҳисобига пул ушлаб қолинганидан норози бўлиб, дўкон ходимларидан изоҳ талаб қилганида, истеъмолчига ҳақиқатдан ҳам шартнома бекор бўлганлиги тўғрисидаги ёзма маълумотнома тақдим қилинади.
Аммо 2021 йилнинг 20 октябрига келиб банкдан яна огоҳлантириш хабари келади. Югур-югур, саргардонликдан чарчаган фуқаро Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппаратига мурожаат қилиб, юқоридаги ҳолат юзасидан амалий ёрдам беришларини сўрайди.
Мутахассислар томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилиб, кредит савдо дўкони ходимларига Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси талабларига кўра юқоридаги юз берган ҳолат бўйича истеъмолчи билан тузилган шартномани бекор қилиш ва маҳсулот кредит шартларида сотиб олинганда тўланган маблағни қайтариб берилиши шартлиги тушунтирилди. Қонун талабларини тўғри англаб етган масъуллар истеъмолчининг кредит расмийлаштирилган вақтда олдиндан тўлаган 450 000 (тўрт юз эллик минг) сўм пул маблағини қайтариб бердилар, шунинг билан биргаликда, ўрганиш ишлари давомида истеъмолчи ҳамда банк ўртасида тузилган истеъмол кредити шартномаси ҳам бекор қилинди.
Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment