Судларда истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасига кўра, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича судга мурожаат қилганларида давлат божи тўлашдан озод қилинадилар. Қонунда белгилаб берилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, биргина ўтган йилнинг 9 ойи давомида Федерация ва унинг ҳудудий ижро этувчи органлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда судларга киритилган даъво аризалари бўйича 1 млрд 340 млн сўмдан кўпроқ маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилишига эришилди. Наманган вилоятининг Чортоқ туман жамияти фаолиятидан мазкур йўналишдаги ишлардан мисолларга тўхталиб ўтайлик.
Чортоқ тумани “Алихон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Х.Жўраев ва «HALOL GO’SHT EXPORT» МЧЖ ўртасида 01.06.2021 йил кунида тузилган 99-сонли шартномага кўра, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасидаги кредит асосида, Х.Жўраевга 27 000 000 (йигирма етти милион) сўмлик зотли қуёнлар етказиб берилиши керак бўлган. Бироқ МЧЖ шартномада кўрсатилган муддатларда зотли қуёнларни унга етказиб бермаган. Фуқаро мазкур масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Чортоқ туман жамиятига мурожаат қилган.
Мазкур масала ишни судгача ҳал қилиш жараёнларида ўз ечимини топмагач, туман жамияти Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига даъво ариза киритган. Масала судда кўрилиб, «HALOL GO’SHT EXPORT» МЧЖдан фуқаро Х.Жўраев фойдасига 27 000 000 сўм моддий ҳамда 500 000 сўм маънавий зарар, жами 27 500 000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Туманнинг “Зангиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро А.Шобобоев эса авиакассадан сотиб олинган чипта пулини қайтарилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, фуқаро 2020 йилнинг 7 март кунида «ABDURAXMON AYUBXON GROP» хусусий корхонасига қарашли авиакассадан чипта сотиб олган. Лекин 2020 йил 16 март кунидан Ўзбекистон Республикасида карантин эълон қилинганлиги сабабли авиарейс бекор қилинади. Фуқаронинг чипта учун тўланган 2 328 125 сўм пулни қайтариш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлари эса натижа бермайди.
Истеъмолчининг туман жамиятига мазкур масалада қилган мурожаати асосида масалани судгача ҳал қилиш бўйича жараёнлардан ўтилгач, Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига даъво ариза киритилди. Ишни судда кўрилиши натижаларига кўра, «ABDURAXMON AYUBXON GROP» хусусий корхонасидан фуқаро А. Шобобоев фойдасига 2 328 125 моддий ҳамда 300 000 сўм маънавий зарар, жами 2 628 125 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Мақсаджон Болтабоев
Чортоқ туман жамияти раиси
Post Comment