Истеъмолчига ўн олти миллион сўмдан ортиқ пули қайтарилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари шу шаҳарда истиқомат қилувчи М.Мумбоевнинг бекор қилинган авиарейс чиптаси пулини қайтарилиши борасида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Фуқарога кўра, у жорий йилнинг март ойида Фарғона шаҳрида жойлашган авиакассадан Тожикистон Республикасида истиқомат қилувчи 3 нафар қариндошларига Фарғона-Владивосток йўналиши бўйича қатновчи Россия Федерациясига қарашли бўлган авиакомпания томонидан амалга ошириладиган рейсга 16610500 (ўн олти миллион олти юз ўн минг беш юз) сўмга чипта харид қилади. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан мазкур рейснинг бекор қилингани тўғрисида хабар топиб, авиакассага билет учун тўланган пулни қайтарилишини сўраб мурожаат қилади. Гарчи авиакасса сотувчилари унга пуллари қайтарилишини ваъда қилган бўлсаларда, ўтган 5 ой ичида пул қайтарилмасдан бунга турли важ-карсонлар сабаб қилиб кўрсатилиб келинган.
Мурожаат шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида авиачипталарни сотиш фаолиятини олиб бораётган “БК Туризм” компанияси масъулларига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар олиб борилди. Тушунтириш ишлари эса тезда ўз самарасини бериб, истеъмолчига чипта пуллари тўлиқ қайтарилди.
– Мен қариндошларим номига авиачипта харид қилган эдим. Маълум сабабларга кўра режалаштирилган авиақатнов бекор қилиниб, пулларимизни қайтарилишида муаммога дуч келдим ва Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамиятига ариза билан мурожаат қилдим, – дейди А.Мумбаев шаҳар жамияти раиси номига берган миннатдорчилик хатида. – Мурожаатимни ўрганишлари жараёнида 3 кунлик муддатда чипта учун тўлаган пулларимни нақд кўринишида тўлиқ олдим. Сизларга раҳмат!
Азаматжон Бабаев
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment