Асоссиз қарздорлик хонадонни тармоқдан узиб қўйилишига сабаб бўлган

Асоссиз қарздорлик хонадонни тармоқдан узиб қўйилишига сабаб бўлган

Бугун мамлакатимизда табиий газ истеъмолини тартибга солиш, бу борадаги тўлов интизомини яхшилаш, аҳолини газ ёқилғисига бўлган талабини қондириш йўналишида олиб борилаётган ишлардан кўпчиликнинг хабари бор, албатта. Шундай ишлардан бири аҳоли хонадонларига янги, замонавий газ ҳисоблагич ускуналарини ўрнатилаётганлигидир. АСКУГ тизимига уланган мазкур ҳисоблагичларни масофадан бошқариш имконияти мавжудлиги билан бир қаторда, унинг онлайн кўрсаткичлари асосида истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларни банк муассасалари, махсус кассалар, интернет воситасида тўлаб бориш имкониятлари ҳам яратилганлиги ижобий ҳолат. Шундай бўлсада бу борада турли тушунмовчиликлар учраб турибди.

Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган Раста кўчасида яшовчи А.Турғунова хонадонига ўрнатилган замонавий газ ҳисоблагичнинг истеъмол кўрсаткичлари бўйича қарздорлиги бўлмасада, тармоқдан узиб қўйилганлиги ҳолати юзасидан ўз эътирозларини билдириб, ҳолатга аниқлик киритиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган. Мурожаатида фуқаро газ таъминоти идорасига бориб, ҳолатга ўз кучи билан аниқлик кирита олмаганлигини ҳам билдириб ўтган.

Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан фуқаро мурожаатини ўрганилиши доирасида хонадонга замонавий газ ҳисоблагич ўрнатилганлиги, амалга оширилган тўловлар бўйича эса хонадон 201279 сўм олдиндан тўловдалиги, газ таъминоти корхонаси ходимларини хатолари туфайли А.Турғунова хонадонига ҳисобланган 850000 сўм миқдоридаги қарздорликнинг эса асоссизлиги маълум бўлди.

Хонадон тармоққа қайта уланиб, унинг эгаларига истеъмол қилинган реал ҳажмлар доирасида тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газни истеъмол қилиб бориш юзасидан, газ идораси ходимларига эса амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари борилди.

Алишер Рахимов
Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment