Биофаол озуқавий қўшимчани дори деб сотиш тўғрими?

Биофаол озуқавий қўшимчани дори деб сотиш тўғрими?

Марғилон шаҳар “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М. Ч.нинг Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Марғилон шаҳар бўлимига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилди.

Мурожаатчига кўра, у “Gano Excel Uzbekistan”нинг Марғилон филиалидан фарзандининг саломатлигини тиклаш мақсадида 4 млн 637 минг сўмга биофаол озуқавий қўшимчалар (БФҚ)дан сотиб олган. Лекин мутахассис шифокор томонидан ушбу БФҚ маҳсулотлари фарзандининг соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилиб, тиббий хулоса берилганидан сўнг, у фарзандини тиббиёт муассасасида даволатишга қарор қилади. Шундан кейин у БФҚни сотиб олган компания масъулларига бориб учрашиб, ҳолатни тушунтиради ва маҳсулотни уларга топшириб, пулини қайтариб беришларини сўрайди. Пулини қайтиб бериш ишлари пайсалга солингач, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилади.

Мурожаат шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, унинг натижалари билан М.Ч.га 4 млн 637 минг сўм пулини қайтарилишига эришилди.

Шу ерда истеъмолчиларга, мутахассисларнинг фикрига кўра, биофаол озуқавий қўшимчалар дори воситалари сирасига кирмаслигини, касалликдан фориғ бўлиш йўлида шифокор маслаҳати билан иш юритиш мақсадга мувофиқ бўлишини ҳам эслатиб ўтишни ўринли деб биламиз.

Биофаол озуқавий қўшимчалар (БФҚ)ни сотиш билан шуғулланувчи шахсларга эса, БФҚни аҳолига реализация қилиш жараёнида уларни “дори воситаси” деб сотмасликни, балки маҳсулот ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот беришни, акс ҳолда бу ҳолат амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, истеъмолчига товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши сифатида баҳоланиши ҳамда тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини келтириб чиқариши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси

Post Comment