Замонавий қулайликдан фойдаланиш жараёнида истеъмолчида муаммо юзага келди

Замонавий қулайликдан фойдаланиш жараёнида истеъмолчида муаммо юзага келди

Бугунги кунда интернет технологиялари ҳаётимизнинг ҳар жабҳасига кириб келди. Тан олиш керак, замонавий интернет технологиялари воситасида яратилган турли иловалар одамларга уйда ўтириб, сутканинг исталган вақтида коммунал идоралар хизмати учун тўловларни амалга ошириш, товар (иш, хизмат)ларга буюртма бериш ва ҳакозо, ва ҳоказо ишларни бемалол амалга ошириш, бунинг ортидан олтинга тенг вақтларини тежаш имкониятларини бермоқда. Лекин ушбу жараёнда бу каби дастурларда вақтинчалик носозликлар юзага келиб туриши мумкинлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак бўлади.

Марғилон шаҳар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Қўштепа тумани “Хумдон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н. Ш. дан келиб тушган мурожаатда “Beepul” иловаси орқали амалга оширган тўловлари коммунал идорадаги ҳисоб рақамларга тушмаганлиги маълум қилиниб, ҳолатга аниқлик киритилиши ва ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилиши сўралган.

Истеъмолчининг ёзишича, “Beepul” иловаси орқали электр энергияси истеъмоли учун таниши ҳисоб рақамига ўтказган 100 000 сўм ва кейинчалик ўзининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказган 35 000 сўмлик тўлов суммаси унинг банк картасидан ечиб олинган бўлсада, электр таъминоти корхонасидаги тегишли ҳисоб рақамларга тушмаган. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, коммунал идора олдидаги қарздорлик суммаларини ўз вақтида сўндирилмай қолишига сабаб бўлган.

Мурожаатни ўрганиш ишлари доирасида, тўловларни келиб тушган ёки тушмаганлиги бўйича электр таъминоти корхонасидан суриштирилганда маблағлар корхона ҳисоб рақамига келиб тушмаганлиги маълум бўлган. “Beeline Узбекистан” мобил алоқа компанияси масъуллари билан телефон орқали боғланилиб, ҳолат тушунтирилганда, улар томонидан тармоқда носозлик юзага келган бўлиши мумкинлиги маълум қилиниб, ушбу ҳолатни юзага келишида истеъмолчининг иштироки (айби) йўқлиги маълум қилинди ҳамда “Beepul” иловаси орқали, уч кунлик муддатда, 35000 сўм пул маблағини Н.Ш.нинг банк пластик картасига қайтариб тушириб берилди. Ҳозирда истеъмолчи томонидан танишининг электр энергияси истеъмоли учун ўтказилган 100 000 сўм тўловнинг нега коммунал идоранинг ҳисоб рақамига тушмаганлиги ҳолати юзасидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Муҳаммадазиз Исақов
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin