Самарқандлик истеъмолчининг нуқсонли чиққан iPhone русумли телефони алмаштирилди

Самарқандлик истеъмолчининг нуқсонли чиққан iPhone русумли телефони алмаштирилди

Самарқанд шаҳар Ашхобод кўчасида яшовчи Х.Ш.нинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 1091 қисқа рақамли ишонч телефнига қилган мурожаати унда кўтарилган масаланинг ҳудудий тегишлилиги бўйича Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.

Мурожаатчи жорий йил июн ойининг ўрталарида Фарғона шаҳридаги “Xon bozor” савдо дўконидан iPhone 14 Pro русумли мобил алоқа воситасини 11 000 000 сўмга сотиб олганлигини, ишлатиши мобайнида батарейка ва овоз кучайтирич тугмасида муаммо кузатилганлигини, ҳолат бўйича товар харид қилинган савдо дўконига телефон орқали қилган мурожаатлари эътиборсиз қолаётганлиги тўғрисида маълум қилиб, муаммони ижобий ечим топишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида дўкон раҳбари билан учрашилиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Истеъмолчи томонидан эътироз билдирилган мобил қурилма тезкор почта орқали Самарқанддан Фарғонага келтирилиб, дўкон масъуллари томонидан кўздан кечирилгач, товар худди шу русумдаги янгисига алмаштирилди ҳамда тезкор почта алоқаси воситасида истеъмолчига етказилди.

Менинг мурожаатимни тезкорликда ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилиб берганликлари учун истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман,– дейди истеъмолчи мурожаатини ўрганиш якунларидан қониқиш ҳосил қилганлигини билдириб, шаҳар жамиятига юборган миннатдорчилик хатида.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin