Қўлланилган жарима қонун доирасида қайта ҳисоб-китоб қилинди

Қўлланилган жарима қонун доирасида қайта ҳисоб-китоб қилинди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Тоғлиқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи И.Э.нинг туман электр таъминоти корхонаси томонидан қўлланилган жариманинг қонуний асосга эгалиги масаласига ойдинлик киритиб берилиши юзасидан мурожаати ўрганилди.

Фуқаро ўз мурожаатида ҳозирда яшаб турган хонадонга жорий йилнинг 11 май кунида кўчиб кирганликларини (бу ҳолат МФЙ томонидан расмийлаштирилган далолатнома билан тасдиқланган), электр таъминотидан фойдаланишни бошлаш учун туман электр таъминоти корхонасига келганида у ерда ишловчи бир ходим (ҳозирда Россияга ишлагани кетган) томонидан хонадонга ҳисоблагич олиб ўрнатиб, кейин келишини айтилганлигини, фуқаро ушбу маслаҳат асосида хонадонига ҳисоблагич ўрнаттириб, яна келганида эса у ходимни топмаганини, у маслаҳат олиш учун учрашган кейинги ходимлар эса, аслида Давлат хизматлари марказига бориши кераклигини тушунтирганликларини, қўйингки шу югур-югурлар давомида хонадонга ташриф буюрган туман электр таъминоти масъул ходимлари томонидан электрдан ноқонуний фойдаланиш важи билан далолатнома расмийлаштириб кетилганлигини ва ана шу далолатнома асосида унга 3,5 миллион сўм жарима қўлланганлигини баён қилади ва масалага ойдинлик киритиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Мурожаатни ўрганиш давомида туман электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йил кунги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 117-118-бандларини қўллаб далолатнома расмийлаштирилганлиги ва унинг асосида 11913 кВт/с ёки 3 514 512 сўм электр энергияси истеъмоли қайта ҳисоб-китоб қилинганлиги маълум бўлди.

Туман жамияти томонидан ўрганиш давомида истеъмолчининг манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида тўпланган ҳужжатлар “Фарғона ҲЭТК” АЖга чиқарилиб, улар асосида қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилиши сўралди. Мазкур идорадан эса мурожаатда кўтарилган муаммо бартараф этилганлиги, фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилганлиги тўғрисида расмий жавоб хати олинди. Ўрганиш якунларига кўра, истеъмолчи ҳисоб варағида қайта ҳисоб-китоб ишлари олиб борилиб, электр энергияси истеъмоли бўйича 134803 сўм тўлайдиган бўлди.

Шоҳистахон Рахимова,
туман жамияти бош мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin