Кўпқаватли уй ертўласидан таралаётган бадбўй ҳидга сабаб бўлган ҳолат бартараф қилинди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига “Зухро” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўпқаватли уйларнинг бирида яшовчи фуқаролар томонидан уйнинг ертўла қисмидаги канализация қувурлари билан боғлиқ муаммо юзасидан мурожаат қилдилар.
Мурожаатчилар ўзлари истиқомат қилаётган кўпқаватли уйнинг ертўла қисмидаги канализация (оқова) қувурлари носоз ҳолга келиб қолгани боис, у ердан атроф муҳитга ёқимсиз ҳид таралаётганлиги, ушбу масалада ўзларига хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниясига қилинган мурожаатларидан натижа бўлмаётганлигини маълум қиладилар.
Жамият мутахассислари мурожаатни ўрганиш давомида айтилган манзилга ташриф буюрганларида Зуҳро кўчасида жойлашган мазкур кўпқаватли уйнинг ертўла қисмидаги канализация қувурлари ҳақиқатдан ҳам эскирганлиги, қувурдан ён тарафга сувлар сочилиб чиқаётганлиги кузатилди. Шундан сўнг, ушбу кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи “Mar Obod Servis” бошқарув сервис компанияси (БСК) масъуллари билан учрашилиб, мурожаатда кўтарилган муаммо ва уни ҳал қилиш йўл-йўриқлари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси билан эса, БСК масъуллари томонидан кўпқаватли уйнинг ертўла қисмидаги эски қувурлар янги полиэтилен қувурларга алмаштирилиши ва муаммони бартараф этилишига эришилди. Ўрганиш ишлари якунларидан қониқиш ҳосил қилган фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммо ижобий ҳал қилингани учун Федерация раҳбарияти ҳамда шаҳар жамияти ходимларига ёзма равишда ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment