Шартнома шартлари бузилишининг олди олиниб, юзага келган низоли ҳолат бартараф этилди

Шартнома шартлари бузилишининг олди олиниб, юзага келган низоли ҳолат бартараф этилди

Бешариқ тумани Яккатут қишлоғида яшовчи фуқаро, Федерациямиз аъзоси Ж.И. туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, буюртмачи ташкилот ўртадаги шартнома шартларини тўлиқ бажармаганлигини оқибатида хонадонида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар чала қолганини маълум қилиб, муаммони бартараф этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.

Истеъмолчининг маълум қилишича, у хонадонида амалга ошириладиган ишлар бўйича ижрочи билан имзоланган шартномада келишилган 34 000 000 сўмлик суммани 100 % олдиндан тўлаган, лекин ижрочи корхона томонидан буюртма чала бажарилиб, бажариладиган ишлар доирасидаги 1 та эшик олд ва орка безак қопламаларисиз қолиб кетган. Истеъмолчининг бу борада бир неча бор қилган мурожаатлари турли важ-карсонлар билан эътиборсиз қолдирилиб, ҳаттоки ижрочи томонидан бу ишлар учун қўшимча тўлов ҳам сўралган.

Мурожаатни ўрганиш давомида ижрочига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуннинг ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари бўйича нормаларни ифодаловчи 19-моддаси, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги бўйича нормаларни ифода этувчи 21-моддаси талаблари тушунтирилди. Шунингдек, истеъмолчи ва ижрочи ўртасидаги шартномага мувофиқ ижрочининг мажбуриятлари ва мазкур мажбуриятларни бажармаслик натижасида келиб чиқувчи оқибатлар ҳақида тушунтиришлар ҳам бериб ўтилди. Тушунтиришлар кор қилиб, юзага келган низоли масала тинч йўл билан ҳал этилишига ҳамда умумий қиймати 550 000 сўмлик чала қолган ишларни корхона ҳисобидан амалга оширилиб, ишлар охирига етказилишига эришилди.

Бахтиёр Жўраев,
туман жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)

Post Comment