Телевизорда аниқланган нуқсон бепул бартараф этилиши таъминланди
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шу шаҳарда яшаб, мактабгача таълим муассасаларидан бирида меҳнат фаолияти олиб борувчи А.Д.нинг харид қилинган телевизорда кафолат муддатида нуқсон юзага келганлиги билан боғлиқ мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида маълум қилишича, шаҳардаги товарларни истеъмол кредити шартларида реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи дўкондан ўзи меҳнат қилаётган таълим муассасасида фойдаланиш учун шартнома қиймати 3 000 000 сўм бўлган Samsung Smart 32 русумли телевизорни нархини бир йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилишади. Телевизордан фойдаланишларининг 10-ойига келиб унда нуқсон кузатилиб, ишламай қолади. Бу борада дўкон масъулларига қилган мурожаатлари бўйича эса ижобий натижага эриша олмайдилар.
Амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка кўра, товарнинг пулини бир йўла тўлаб харид қилинган ҳолатда ҳам, унинг пулини бўлиб-бўлиб тўлаш, истеъмол кредити шартларида харид қилинганда ҳам товарда кафолат муддати ичида нуқсон кузатилса, истеъмолчи ўзининг бу борадаги қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олади. Хусусан. унинг бундай ҳуқуқларидан бири товарда аниқланган нуқсонни бепул бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқидир. Шаҳар жамияти мутахассислари мурожаат юзасидан сотувчига қонуннинг мазкур талабларини тушунтирганларидан сўнг телевизорда аниқланган нуқсон сотувчи ҳисобидан бепул бартараф этилишига ва истеъмолчига соз ҳолатда топширилишига эришилди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment