Истеъмолчига 31 миллион сўм пули қайтариб олиб берилди

Истеъмолчига 31 миллион сўм пули қайтариб олиб берилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Учкўприк тумани “Бахрин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи А.Б.нинг автомашина харид қилиш учун аванс тариқасида тўланган пул маблағини қайтариш бўйича мурожаати ўрганилди.

Мазкур мурожаат дастлаб истеъмолчининг яшаш ҳудуди бўйича Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушган. Туман жамияти масалани ҳудудий тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқилиб, белгиланган тартибда ҳал қилинишида Фарғона шаҳар жамиятидан амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Маълум бўлишича, истеъмолчи 25.11.2022 йил кунида Фарғона шаҳридаги “Umid avto companies” МЧЖ билан №08/11Ф-24-сонли шартнома имзолаб, унинг асосида Дамас автомобили харид қилиш учун олдиндан 31 119 000 сўм тўловни амалга оширган. Шартномага кўра, автомашина истеъмолчига 120 иш кунида етказиб берилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу муддат ўтиб бўлган бўлсада шартноманинг мазкур талаби бажарилмаган. Истеъмолчининг юзага келган ҳолатда пул маблағини қайтариб олиш бўйича ҳаракатлари ижобий самара бермаган.

Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш якунлари билан МЧЖ раҳбарияти номига амалдаги қонунчилик талаблари ва қонунчилик талабларини бажарилмаслиги натижасида келиб чиқувчи салбий оқибатларни ўзида акс эттирган даъво талабномаси киритилгач, истеъмолчининг аванс тариқасида, олдиндан тўлов сифатида амалга оширган 31 119 000 сўм пул маблағи ўзига қайтарилишига эришилди.

Азаматжон Бабаев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment