Бошқа ҳисоб рақамига ўтиб кетган пул маблағи эгасига қайтарилди

Бошқа ҳисоб рақамига ўтиб кетган пул маблағи эгасига қайтарилди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига тумандаги “Ахшак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Г.А. оғзаки равишда мурожаат қилиб, ичимлик суви учун тўланган тўловлар бўйича юзага келган ҳолатга ойдинлик киритиб берилишини сўраган.

Ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчининг ичимлик суви етказиб бериш корхонаси ходими воситасида пайнет шохобчаси орқали амалга оширилган 140 000 сўм тўлови корхонанинг ПК ҳисоб дастури бўйича бошқа истеъмолчининг ҳисоб рақамига ўтиб кетган экан. Бу эса кейинчалик, истеъмолчининг шахсий ҳисоб-китоби бўйича унда қарздорлик бўлмасада, базадаги кўрсаткичлар бўйича қарздорлик юзага келишига сабаб бўлган.

Ўрганиш ишлари доирасида тўпланган маълумотлар асосида “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Тошлоқ туман бўлимига хат киритилиб, мазкур ташкилотдан истеъмолчининг пул маблағи ҳақиқатан ҳам бошқа истеъмолчи ҳисоб рақамига ўтиб кетганлиги, ҳозирда ушбу тўлов суммаси истеъмолчи ҳисоб рақамига қайтариб ўтказилгани ҳамда бугунги кун ҳолатига унда истеъмол қилинган ичимлик суви учун тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги бўйича жавоб хати олинди.

Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти бош мутахассиси.

Post Comment