Фуқаронинг йўловчи ташиш корхонаси хизматлари сифати юзасидан эътирозлари ўрганилди
Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган “Юқори Манғит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи А.И. ўзи кундалик ишга қатнаши учун фойдаланадиган йўловчи ташиш транспорти корхонаси ҳайдовчиларининг муомаласи ва йўл кира ҳақларидаги тартибсизликлар юзасидан ўз эътирозларини билдириб ўтган.
– Мен ҳар куни Янгиқўрғон-Бувайда йўналишида қатновчи Дамасларда ишга қатнайман. Кейинги вақтларда ҳайдовчиларнинг муомаласи қўполлашиб, йўл киралар ҳам ҳар хил бўлиб кетяпти. Шу масалани ўрганиб чиқсаларинг, – дейди фуқаро ўз мурожаатида.
Ўрганишда мурожаатда кўрсатилган ва умумий масофаси 12 км ни ташкил қилувчи мазкур йўналишга “Бувайда алфатранс” МЧЖ томонидан йўловчи ташиш хизматлари кўрсатиб келинаётганлиги маълум бўлди. Ўрганиш давомида ушбу корхона хизматларидан фойдаланаётган йўловчилар билан қўшимча суҳбатлашилиб, уларнинг корхона томонидан кўрсатилаётган хизматлар юзасидан фикрлари ҳам олинди. Суҳбатлар давомида йўловчилар корхона хизматлари юзасидан ортиқча эътирозлари йўқлигини маълум қилиб, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш кераклиги бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Ўрганиш давомида корхона масъулларига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари, истеъмолчининг ҳуқуқлари, ижрочининг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилиб, ҳайдовчиларнинг йўловчилар билан муомаласини ҳамда йўл кира ҳақларини корхона томонидан белгиланган миқдорда бўлишини қатъий назоратга олиш бўйича доимий чора-тадбирлар кўриб борилиши сўралди.
Асроржон Йигиталиев,
туман жамияти раиси.
Post Comment