Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда эмас

Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда эмас

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқилиши натижаларига кўра салкам 47 миллиард сўм маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилгани хусусида маълумотларни эълон қилди. Ушбу мурожаатлар ичида кимнингдир назарида арзимас масаладек бўлиб кўринадиган мурожаатлар ҳам борки, бу каби масалалар Федерация тизими ташкилотларида эътибордан ҳечам четда қолдирилмаган ҳолда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилиниши чоралари кўриб келинмоқда. Зеро ана шу миллиардлар ортида Федерация ходимларининг мисқоллаб йиғилган меҳнати натижалари ётибди.

Шундай мурожаатлардан бири сифатида Фарғона шаҳрининг “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи А.В.нинг харид қилинган телефон қувватлагичининг нуқсонли чиққани, сотувчи эса уни алмаштириб беришдан бўйин товлаётгани хусусида Федерациянинг ишонч телефонига қилган мурожаатини келтириб ўтиш мумкин. Маълум бўлишича, истеъмолчи шаҳардаги “А…” савдо дўконидан 36 000 сўм эвазига телефон аппаратига қувватлагич харид қилади. Лекин ишлатиши жараёнида қувватлагичда нуқсон борлигини пайқайди. Сотувчига бу борада қилган мурожаатига эса “Сотилган буюм қайтариб олинмайди” қабилидаги жавобни олгач, Федерация ишонч телефонига боғланиб, ушбу масалада ўзининг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўрайди.

Ушбу ҳолатда, агар истеъмолчи томонидан билдирилган эътироз асосли бўлса, яъни истеъмолчининг товарни мазкур сотувчидан сотиб олинганлиги тасдиқланса ва товарда ҳақиқатда нуқсон мавжудлиги маълум бўлса, сотувчи “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси талабларидан келиб чиқиб, товарни алмаштириш тўғрисидаги талабни 7 кунлик муддат ичида қондириши шарт эди. Акс ҳолда истеъмолчида, товарни алмаштирилиши билан бир вақтда, кўрсатилган муддатлардан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) ундириб олиш ҳуқуқи ҳам вужудга келар эди.

Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари қонуннинг мазкур талабларини сотувчига тушунтирганларидан сўнг, у ҳеч иккиланишсиз нуқсонли қувватлагични мақбул сифатдагисига алмаштириб берди. Бу билан эса Федерация тизимида истеъмолчилар фойдасига ҳал қилиб берилган маблағлар жами суммасининг 48-миллиардга қараб силжишига кичкинагина ҳисса қўшилди.

Азаматжон Бабаев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment