Ҳудудий бирлашма Конституция қабул қилинган сана билан боғлиқ байрам арафасида очиқ мулоқот тадбири ўтказди

Ҳудудий бирлашма Конституция қабул қилинган сана билан боғлиқ байрам арафасида очиқ мулоқот тадбири ўтказди

Ҳудудий бирлашма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари: Конституция ва соҳага оид қонунларда истеъмолчи ҳуқуқининг устиворлиги тамойиллари” мавзусида очиқ мулоқот ташкилланди. Тадбирда ЎзННТМАнинг Фарғона вилоят бўлинмаси ҳамкорлик қилди.

Тадбирда асосий эътибор барчанинг истеъмолчи эканлигидан келиб чиқиб, мамлакатимиз Конституцияси ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигида аҳоли (истеъмолчилар)нинг ҳуқуқлари устиворлиги таъминлаб берилганлиги, ушбу ҳолат халқаро ҳуқуқ нормаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар талабларига тўлақонли мос келишига қаратилди.

Таъкидландики, мамлакатимизнинг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикасининг 01.05.2023 йилдаги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонуни билан янги таҳрирда қабул қилинган Конституциясида истеъмолчи ҳуқуқининг устиворлиги тамойиллари белгилаб қўйилган. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 13-моддасида шундай дейилади:

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Конституциянинг 55-моддасига асосан эса:

Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.
Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Конституциянинг 65-моддасига асосан:

Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.

Ўз-ўзидан маълумки, жамиятда қабул қилинаётган ҳар қандай қонунлар мамлакат Конситуциясида белгилаб қўйилган нормаларга зид келиши, фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёки камайтириши мумкин эмас. Шундай экан, мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида қабул қилинган ва қабул қилинаётган барча қонунларда фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқларидан келиб чиқилади.

Жумладан, 1996 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида:

Қонунчилик ҳужжатлари ушбу Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмаслиги бўйича норма мавжуд бўлиб, бу норма истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қонунчилик ҳужжатларини қабул қилинишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда, қонунлариимизда истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатларини акс этитиришда мазкур Қонуннинг 3-моддасидаги:

Агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартнома ёки битимда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади, деган норма мавжудлигини ҳам ёдда тутиш лозимдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Техник жихатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлари ва қонуности ҳужжатларида истеъмолчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаб берувчи нормалар белгилаб қўйилган.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin