Рақобат қўмитаси масъул ходимлари ҳудудий бирлашма тизимидаги жамиятлар ходимлари учун ўқув семинари ўтказдилар
Фарғона шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий бирлашмаси ҳамда туман (шаҳар) жамиятлари масъул ходимлари учун ўқув семинари бўлиб ўтди. Семинар Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташаббуси билан ташкилланди ва ўтказилди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўзаро ҳамкорлик” мавзусига бағишланган ўқув тадбирида кун тартибидаги асосий масала бўйича Қўмитанинг “Стратегик режалаштириш, методология ва трансформация бўлими” бошлиғи ўринбосари Темурбек Абдуллаев маъруза қилди.
Маърузачи томонидан таъкидландики, мазкур тадбирни ташкилланган кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органи бўлган Қўмита ҳамда истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаси бўлган Федерация ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ходимлар салоҳияти ва компетенциясини юксалтиришга кўмаклашиш ҳамда ўзаро мулоқотни йўлга қўйишдан бўлиб, жорий йилнинг ноябрь-декабр ойларида ҳар бир ҳудудга чиққан ҳолда, Федерациянинг барча ҳудудий бирлашма, туман (шаҳар) жамиятлари ходимлари билан учрашувлар тарзида ўтказилмоқда. Тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилиги, қонунчилик талабларини амалиётга қўллаш, истеъмолчилар муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш, халқаро тажриба, ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик масалаларини атрофлича тушунтириш ва биргаликда муҳокама қилиш қилиш, жойларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мавжуд муаммо ва ва таклифларни таҳлил қилиш кўзда тутилган.
Кун тартибидаги асосий маъруза тинглангач, кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмитанинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Федерациянинг вилоят ҳудудий бирлашмаси раҳбар ва масъул ходимларининг яикр мулоҳазалари тингланди. Семинар доирасида Федерациянинг туман ва шаҳар жамиятларида меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимлар томонидан кундалик фаолият давомида истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, ички бозорда сотилаётган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги устидан жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказиш масалаларида юзага келаётган муаммолар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтилиб, мазкур муаммоларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.
Тадбир якунларига кўра, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ички бозорларда сотилаётган товар (иш, хизмат)ларнинг амалдаги қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказиладиган мониторингларда, шунингдек аҳоли (истеъмолчилар)нинг соҳага оид ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш Қўмита ва Федерациянинг ҳудудий ташкилотлари ўртасида янада яқиндан ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment