Жавобгар томон огоҳлантирилгач муаммо судгача ҳал бўлди
Бугунлик кунда истеъмолчи томонидан харид қилинган товарларда носозлик кузатилганда айрим сотувчи ва сервис маркази масъуллари истеъмолчини “отанга бор, онанга бор” қабилидаги ҳаракатлари билан овораю сарсон бўлишига сабаб бўлаётгани, натижада истеъмолчи турли давлат идораларига мурожаат қилиб қимматли вақти ва тикланмас асаб толаларини йўқотаётгани ҳолатлари, афсуски, кўп учрамоқда.
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туман ички ишлар бўлими томонидан юборилган мурожаат ҳам шундайлардан бири.
Марғилон шаҳар Мустақиллик кўчасида яшовчи А. З. жорий йилнинг август ойида Тошлоқ туманида жойлашган “Garant” кредит савдо дўконидан нархи 2 450 000 сўм бўлган “Samsung VC18M31B0HN 1800вт” маркали чангютгични қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. Истеъмолчига ойига 244 000 сўмдан тўлаб бориш бўйича тўлов жадвали чиқариб берилган. Аммо афсуски 15 кун ичида икки маротаба ишлатганидан сўнг чангютгич ишламай қолган.
Нуқсонли чангютгични кўтариб савдо дўконига келган истеъмолчига сервисга олиб борасиз деб уқтиришган. Шундан сўнг истеъмолчи чангютгични Фарғона шаҳридаги “Samsung” сервис марказига олиб борганида мутахассис аккумуляторида деффект бор экан, деб чангютгични созлаш учун олиб қолган. Орадан бир ярим ой ўтиб дараги бўлмаган чангютгични суриштириб сервис маоказига телефон қилган истеъмолчига “ҳали тузалгани йўқ” деган жавоб берилган. Сабри тугаган истеъмолчи сервис марказига ўзи бориб суриштирганида чангютгични топиб беришолмаганлиги сабабли бошқасини бериб жўнатишган.
Истеъмолчи сервисда алмаштириб берилган чангютгични яна “Garant”кредит савдо дўконига олиб келганида “қалбакисини олиб келибсиз” дея чангютгични яна истеъмолчига қайтариб беришган. Шунча оворагарчилик етмаганидек, яна сервис марказига бориб “Ўзимни чангютгичимни топиб беринглар”, деган истеъмолчига “бир ҳафтада хабар олинг” дея чангютгични олиб қолишган.
Айтилган кунда сервисга борган истеъмолчини қўлига ўзиникига ўхшаган чангютгички тутқазишган. Яна кредит савдо дўконига истеъмолчи сервис томонидан берилган чангютгични олиб келганида дўкон мутахассиси чангютгични шланги чанглигини айтади. Сабри тугаган истеъмолчи “сенлар билан шартномани бекор қиламан. Чангютгич ҳам сенларга” дея аччиқ қилиб товарни ташлаб чиқиб кетади. Шунча овораю сарсонгарчиликлар етмаганидек, истеъмолчи пластик картасидан декабр ойида 347 000 сўм пул маблағи ҳам ечиб олинади.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида масала юзасидан ўзаро келишув бўлмагач, туман жамияти истеъмолчининг манфаатларини кўзлаб савдо дўкони ҳамда сервис маркази устидан судга даъво аризаси киритилиши бўйича жавобгар томонларга огоҳлантириш хати киритгач, жавобгар томон истеъмолчи билан тузилган шартномани бекор қилиб, истеъмолчидан олинган жами 592 000 сўм пул маблағини қайтариб берди.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment