Электрон тижорат воситасида харид қилинган телевизорда нуқсон чиқди

Электрон тижорат воситасида харид қилинган телевизорда нуқсон чиқди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Нурли ой кўчасида яшовчи фуқаро М.Ш.нинг харид қилинган телевизорни сифати талаб даражасида чиқмаганлиги, сотувчига қайтаришда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у электрон дастур воситасида ТCL 43 P635 русумли смарт телевизорни 3 675 000 сўмга сотиб олган. Лекин уни ишлатиб кўриши жараёнида тасвирларни хира кўрсатишидан, тасвирларнинг сифати интернет воситасида ва кабел антенна воситасида кўрилганда бир-биридан фарқланиши каби ҳолатлардан норози бўлиб сотувчига қилган мурожаати бўйича натижага эришолмагач, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб шаҳар жамиятига мурожаат қилган.

Шаҳар жамияти мутахассислари ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида сотувчи билан боғланганларида, улар томонидан дастлаб, қайтарилган товар бўйича диагностика марказининг хулосаси олиниши, унга асосан агар товарга истеъмолчи томонидан зарар етказилмаганлиги маълум бўлса, шундан сўнгина пул маблағи қайтарилиши маълум қилинди. Жамият мутахассислари томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, хусусан қонуннинг 28 прим 1-моддаси талаблари бўйича олиб борилган қўшимча тушунтиришлардан сўнг эса истеъмолчининг 3 675 000 сўм пули электрон дастур воситасида тўлиғича ўзига қайтарилишига эришилди.

Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin