Фарғона давлат университетида “Молиявий саводхонлик кутубхонаси” фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Ёшларнинг муаммоларини ҳал қилишга, ташаббуслари ва замонавий ғояларини илгари суришга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги грант танловининг “Ёшлар орасида ижтимоий тадбиркорликнинг асосларини кенг тарғиб этиш, ёшлар қатламининг молиявий саводхонлигини ошириш, молиявий хизматлардан фойдаланадиган ёш истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” йўналишида “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли лойиҳаси билан қатнашиб танлов ғолиби бўлган эди. Бугун ана шу лойиҳа доирасида кўзда тутилган вазифалардан бири – Фарғона давлат университетида “Молиявий саводхонлик кутубхонаси”ни фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида ўтказилган брифингда берилган маълумотларга кўра, “Молиявий саводхонлик кутубхонаси” университетнинг ушбу соҳага яқин бўлган факультети – Иқтисодиёт факультетида ташкилланди. Кутубхонани ташкил қилиш учун ҳудудий бирлашма томонидан 120 номдаги 230 дан ортиқ, ўқувчига молиявий саводхонлик бўйича билимлар бериш, бу борадаги ҳуқуқий билимларни ошириш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи илмий, илмий-оммабоп ва бадиий китоблар харид қилинди ва факультет кутубхона фондига ҳадя қилинди.
Тадбирда университет маъмурияти, ўқитувчи ва талабалари, Марказий банк, нодавлат нотижорат ташкилотлари ассоциацияси вилоят бўлими, ННТлар, ҳудудий бирлашма ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Шунинг билан биргаликда, факультетда талабалар учун Марказий банкнинг Фарғона вилоят бош бошқармаси билан ҳамкорликда “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” шиори остида семинар тренинг ҳам ташкилланди.
Тренинг Марказий банк вилоят бош бошқармаси ижро аппарати раҳбари Рахматжон Боборахимов ҳамда ҳудудий бирлашма масъул ходими Ғайратжон Маматкуловлар тренерлигида, шунингдек Агробанк, Асакабанк, Бизнесни ривожлантириш банки масъул ходимлари иштирокида ўтказилиб, талабаларга молиявий хизматларнинг кредитлар, омонатлар, валюта айирбошлаш, пул ўтказмалари, пластик карточкалардан фойдаланиш, суғурта, лизинг, брокерлик, ломбардлар фаолиятига оид масалаларда атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилиб, уларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш, саводхон бўлишга чорлаш билан бир қаторда, ушбу йўналишлардаги турли фирибгарликлардан, кибержиноятлардан эҳтиёт бўлиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Post Comment