Нақдлаштириш жараёнида банкомат бермаган нақд пулни пластик картага қайтариш учун бир ой вақт кетади…ми?
Тошлоқ тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.М.нинг банкоматдан 350 000 сўм пулни нақдлаштириш жараёнида банкомат картадан пул ечган бўлсада, нақд пул чиқариб бермагани, ушбу масалани ҳал қилиш бўйича банк идорасига қилган мурожаатидан натижа бўлмаётганлиги хусусидаги оғзаки мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у туман марказидаги “Микрокредитбанк” АТБ Фарғона банк хизматлари офисига қарашли бўлган банкоматдан пул нақдлаштирмоқчи бўлганида, банкомат тегишли операцияларни бирин-кетин бажариб, нақд пул бериш амалиётини бажармаган. Фукаро ушбу ҳолат юзасидан банкнинг колл-марказига қўнғироқ қилганида, унга банкоматдаги носозлик бартараф пули қайтариб берилиши тушунтирилган. Лекин орадан 20 кун вақт ўтсада муаммо бартараф этилавермагач, у ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг Тошлоқ туман жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Туман жамияти мурожаат келиб тушган кун – 21-май кунини ўзида банкнинг “Микрокредитбанк” АТБ Фарғона БХО раҳбари номига муаммони тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, ҳал қилинишини сўраб алоқа хати киритди. Банк муассасасидан 30-май кунида олинган жавоб хатида истеъмолчи М.М. ҳақиқатан ҳам 1-май кунида банкоматдан 350 00 сўм пулни нақдлаштирмоқчи бўлганлиги, банкомат техник носозлик сабабли истеъмолчига нақд пул бермаганлиги, муаммо 28-май кунида “Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази”га хат билан мурожаат қилиш йўли билан ҳал этилганлиги ва шу куни истеъмолчи банк картасига пул маблағи қайтарилганлиги тўғрисида маълум қилинди.
P.S:
Ҳудудий бирлашма томонидан ушбу масалада Марказий банк Фарғона вилоят бош бошқармасига алоҳида хат киритилиб, ҳолатни қўшимча равишда ўрганиб чиқилиши ҳамда мижознинг банк пластик картасидан банкомат орқали ечиб олинган пул суммасини қайтариш ишларини чўзиб юборилиши ҳолатига муносабат билдирилиши сўралди.
(иллюстратив фото сунъий интеллект ёрдамида яратилди)
Post Comment