Ўлчами мос келмаган кўйлак бошқасига алмаштирилди
Қувасой шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Ал-Фарғоний кўчасида яшовчи Б.Н.нинг буюм бозоридан харид қилинган кўйлакнинг ўлчами мос келмагани сабабли алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилинган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишда кўйлак Фарғона буюм бозоридан харид қилингани, хонадонга келтирилиб қайтадан кийиб кўрилиши жараёнида ўлчами мос эмаслиги маълум бўлгани, сотувчи билан кийимни мос ўлчамдагисига алмаштириш бўйича келишувга эриша олмаганликлари маълум бўлди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи мақбул сифатдаги, лекин қайсидир истеъмол хусусияти (ранги, ўлчами, фасони ва б.) мос келмаган ноозиқ-овқат товарини 10 кунлик муддат ичида, товар сотиб олинган ердаги сотувчидан алмаштириб олиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчи ушбу йўналишдаги ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошира олиши учун товар фойдаланилмаган, шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлиши, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ва ушбу сотувчидан сотиб олганлигини тасдиқловчи асослари бўлиши керак. Шунинг билан биргаликда, товар “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасидаги зарур сифатда бўлсада, қандайдир истеъмол хусусиятлари ёқмаганлиги (мос келмаганлиги) важи билан қайтарилмайдиган ва алмаштирилмайдиган товарлар рўйхатида турмайдиган товар бўлиши талаб этилади.
Истеъмолчига ўлчами мос келмагани сабаби билан сотувчига қайтарилаётган товар юқоридаги талабларга жавоб беришидан келиб чиққан ҳолда сотувчига бу борада берилган тушунтиришлардан сўнг, истеъмолчининг қўлидаги товарни худди шу турдаги унга ўлчами мосига алмаштирилишига эришилди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
Post Comment