Олди-сотди жараёнида сотувчи товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши шарт
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона туманилик С.Ш.нинг бозордан хонадони эҳтиёжи учун оддийгина совутгич типида ишлайдиган музлатгич харид қилмоқчи бўлгани, лекин 5 200 000 сўмга сотиб олинган музлатгичда меъёрдан ортиқча совутиш ҳолати кузатилаётгани хусусида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишда маълум бўлишича, хонадонига одатий совутгич типида ишлайдиган, яъни рефрижератор типидаги музлатгич харид қилиш ниятида келган харидорга ўта кучли совутиш хусусиятига эга бўлган, фризер типидаги музлатгич сотиб юборилган. Ундан фойдаланиш жараёнида ўзини алданган ҳис қилган харидор маиший техникани оиласининг ҳоҳиш истагида бўлган маиший техникага алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Амалдаги қонунчиликда истеъмолчининг нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади, деган норма мавжуд. Шу нуқтаи назардан ҳам қонунда сотувчига товарни ишлатиб кўрсатиш, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиш каби мажбуриятлар юклатилган. Истеъмолчи мурожаатини ўрганишда сотувчи билан ушбу ҳолатлар юзасидан музокаралар олиб борилди. Унинг якунларига кўра эса сотувчи фризер типидаги музлатгични рефрижератор типидаги музлатгичга алмаштириб бериб истеъмолчи муаммосини бартараф қилишга қарор қилди.
Саидхон Хапизов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида яратилган)
Post Comment