Телефоннинг носоз аккумулятори янгисига алмаштириб берилди
Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Хотинқуми” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М.Н. нинг илгари истеъмолда бўлган телефон аппаратини харид қилгани ва унда аниқланган нуқсонни бартараф этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, истеъмолчи Марғилон шаҳридаги “Ойгул” савдо мажмуида фаолият олиб бораётган тадбиркордан ўзининг Samsung русумли телефон аппарати устига 400 000 сўм пул қўшиб бериш йўли билан илгари истеъмолда бўлган iPhone русумли телефон аппаратини харид қилган. Аммо номаълум носозлик туфайли қуввати узоққа етмай ўчиб қолаверган телефон аппарати харид кунининг эртасигаёқ сотувчига қайтариб олиб келинган. Томонлар ўртасидаги музокара истеъмолчи талабини қаноатлантирилиши билан якун топмагач, у ўз яшаш манзили бўйича Тошлоқ туман жамиятига мурожаат қилиб, масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Туман жамияти ушбу ҳолат юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан юзага келган ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқлари ва сотувчи мажбуриятларини ўзида акс эттирган, даъво талабномаси шаклидаги хатни сотувчига киритди. Сотувчи томони ҳолатни ўрганиб чиқиб, муаммо телефон аппаратининг аккумулятори билан боғлиқлигини аниқлади ва аккумуляторни бошқасига алмаштириб берди. Масала истеъмолчи фойдасига ҳал этилиб, уни қийнаб турган муаммо бартараф этилди.
Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган)
Post Comment