Россияга кириш учун тақиқи борлиги сабаб парвози қолдирилган истеъмолчининг авиачипта учун тўлаган пули қайтариб олинди
Риштон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Қуйи Авазбой” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.У.нинг унда Россияга кириш учун тақиқ аниқлангандан сўнг авиачиптани сотувчига қайтарган бўлсада, чипта учун тўланган 3 544 000 сўм пулини қайтариб ололмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи туман ҳудудидаги “Rishton parvoz trans” МЧЖга қарашли бўлган авиачипталарни сотиш шохобчасидан жорий йилнинг 3 май кунида Ўш (Қирғизистон) – Благовещенск (Россия) йўналиши бўйича парвоз қилиш учун авиачипта сотиб олган. Бироқ 2025 йилнинг 2 май кунида аэропортга келган истеъмолчига унда Россия давлатига кириш учун тақиқ борлиги маълум қилинган ва узрли сабаб бўлгани боис чипта учун тўланган пулни қайтариб олиши мумкинлиги ва буни йўл-йўриқлари тушунтирилган. Лекин истеъмолчи ўз саъй-ҳаракатлари билан чипта пулини қайтариб олишни уддасидан чиқа олмагач Риштон туман жамиятига ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат ўрганилиши давомида туман жамияти авиачипталарни сотиш шохобчаси раҳбарияти номига сўров хати киритиб, юзага келган ҳолат ва унда истеъмолчининг ҳуқуқлари ва сотувчи мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Сўров хати сотувчи томони масъуллари томонидан ўрганиб чиқилгач эса юзага келган вазиятда истеъмолчининг ҳақлигидан келиб чиқиб, унга чипта учун тўланган пулни тўлиғича қайтаришга қарор қилинди. Ўрганиш якунлари билан пулларини қайтариб олган истеъмолчи С.У. туман жамияти мутахассисларига ўз миннатдорчилигини изхор қилди.
Хусниддин Латипов,
туман жамияти мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган)
Post Comment