Ўрганишлар натижасида бир йил олдин изсиз йўқолган тўлов суммаси топилди

Ўрганишлар натижасида бир йил олдин изсиз йўқолган тўлов суммаси топилди

Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Қуйи Зарқайнар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т.М.нинг ичимлик суви тўловлари бўйича 2023 йилнинг декабр ойида амалга оширган тўлови ҳисоб рақамида кўринмаётганлиги сабабидан қарздорлик келиб чиқаётганлиги тўғрисида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Фуқаро мурожаатида 2023 йилнинг 19-декабрида амалга оширган 195 000 сўм тўлови ичимлик суви таъминоти корхонаси базасида кўринмаётганлиги ва шахсий ҳисоб рақамига ҳам келиб тушмаганлигини маълум қилади. Ушбу ҳолат юзасидан “Фарғона сув таъминоти” АЖ туман филиалига сўров хати киритилиб, ўтказилган ўрганишларда фуқаро мурожаатида келтирилган важларнинг ўринли эканлиги маълум бўлди.

Хусусан, мурожаатда келтирилган маҳалланинг ҳудуд назоратчиси Х.З. ҳозирда ишдан бўшаб кетганлиги, у билан боғланиб гаплашилганда фуқаро томонидан ҳақиқатан ҳам мурожаатда келтирилган санада 195 000 сўм тўлов амалга оширилганлиги, йиғилган тўловларни ўша ерда жойлашган пайнет шохобчасидан кирим қилиб келганлиги ва пайнет шохобчаси ходимининг мазкур пул суммасини тегишли ҳисоб рақамга ўтказишда эътиборсизликка йўл қўйгани оқибатида пул истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига тушмай қолганлиги аниқланганлиги, ўтган давр ичида ичимлик суви тарифларидаги ўзгаришларни ҳам ҳисобга олган ҳолда, ўртада юзага келган 150 000 сўм фарқни ҳам қўшиб, фуқаро ҳисоб рақамига 340 000 сўм туширилганлиги ва қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилганлиги маълум қилинди.

Хамиджон Ахмедов,
туман жамияти раиси.

(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin