Истеъмолчининг муаммосини тўғри тушунган сотувчи масалани унинг фойдасига ҳал қилди
Учкўприк тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “”Байтқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи С.Х.нинг харид қилинган болалар учун қўшимча озуқа маҳсулоти (қуруқ сут)ни дўкондан алмаштириб олишида юзага келаётган муаммо юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у мактабнинг юқори синфида ўқийдиган жиянини уйи яқинидаги “А…” савдо дўконидан болалар учун мўлжалланган қуруқ сут маҳсулоти олиб келишга жўнатган. Лекин олиб келинган маҳсулот жиянга тайинланган ва бола доимий истеъмол қилиб келаётган товар маркасида эмас, балки бошқасидан бўлганлиги учун у ушбу маҳсулотни кўтариб дўконга келади ва сотувчидан уни боласи ўрганган маркадаги қуруқ сут маҳсулотига алмаштириб беришини сўрайди. Томонлар муросага кела олмагач истеъмолчи туман жамиятига бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилади.
Мурожаатни ўрганиш доирасида сотувчи билан учрашилиб, унга юзага келган ҳолат бўйича тушунтиришлар берилгач, сотувчи истеъмолчининг қўлидаги қуруқ сут маҳсулотини унинг талабидаги ном ва маркада бўлган сути маҳсулотига алмаштириб бериб, муаммони бартараф қилди.
Сардорбек Мирзажонов,
туман жамияти раиси.
Post Comment