Скутердаги носозлик бепул бартараф этиб берилди
Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Риштон туманилик Г.А.нинг Бағдод туманида фаолият олиб борувчи савдо дўконидан 4 668 000 сўмга сотиб олинган скутерда нуқсон аниқлангани сабабли сотувчига бу борада қилинган мурожаатлардан натижа бўлмаётганлиги хусусида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, педалли скутер “Дунё” кредит савдо дўконидан ойига 389 000 сўмдан тўлаб бориш ҳамда шартнома қийматини бир йил давомида бўлиб тўлаб бериш шартларида харид қилинган. Кредит шартномаси мурожаат эгасининг онаси Б.Б.нинг номига расмийлаштирилган бўлиб, истеъмолчи ҳақиқатан ҳам сотувчига нуқсон аниқланган скутерни таъмирлаб бериш ёки бунинг иложи бўлмаган тақдирда бошқасига алмаштириш талаби билан мурожаат қилган. Лекин унинг мазкур талаблари қаноатлантирилмаган.
Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари тарғиботи олиб борилди. Юзага келган ҳолатда истеъмолчи ва сотувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Олиб борилган ишлар натижаси билан сотувчи томонидан скутердаги носозлик бартараф этиб берилиши ҳамда истеъмолчига соз ҳолатда топширилишига эришилди.
Дилором Мирзаева,
туман жамияти мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)
Post Comment